Спорт фидойиси 80 ёшда
Мамлакатимизда Олимпия ҳаракатини кенг тарғиб этишда, ўзбек спортининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтиришда турли соҳалар, хусусан спорт мавзусидаги фильмлари ва фотосуратлари билан кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган Анвар Авазхўжаевнинг ўзига хос ўрни бор.

Пойтахтимиздаги “Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати” музейида мамлакатимиз спорти ривожи йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган А.Авазхўжаевнинг 80 ёш юбилейи муносабати билан ўтказилган тадбирда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари, Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси мутасаддилари у кишининг узоқ йиллик фаолияти давомида тарих, маданият ва спорт соҳаларида бой мерос қолдиргани, хусусан, 7 та ёзги ва 1 та қишки Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатлари каби нуфузли спорт мусобақаларидаги ғалабаларни тарихга муҳрлаганини алоҳида таъкидлади.

А.Авазхўжаев фаолияти давомида 400 дан ортиқ фильм яратган. Унинг ўзбек спортига бағишланган ижод намуналари халқаро танловларда совринли ўринларни эгаллаган.
Узоқ йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган.

Т.Рўзиев, ЎзА