Сирдарёда “Карера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Гулистон шаҳридаги 1-сон техникумида битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб иш ўринларига йўналтириш ҳамда иш берувчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотини йўлга қўйиш мақсадида навбатдаги “Карера куни” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, вилоятдаги олий ва ўрта махсус таълим тизими вакиллари, иш берувчилар, битирувчи талабалар, иш излаётган ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этишди.

Тадбирда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Масъуллар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканини таъкидлади.


Ярмарка доирасида битирувчиларнинг ишга жойлашиши бўйича уч томонлама шартномалар ижроси ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, шартнома асосида ишга жойлашган ёшлар, бандликда мавжуд муаммолар ва иш берувчилар билан ҳамкорлик жараёнида учраётган камчиликлар аниқ мисоллар асосида муҳокама этилди.

Шунингдек, Сирдарё вилоятидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим қилиниб, битирувчиларга ўз мутахассислиги бўйича иш топиш, меҳнат бозори талабларини ўрганиш ва рақобатбардош мутахассис бўлиб шаклланиш юзасидан тавсиялар берилди.


Тадбир якунида битирувчилар бандлигини таъминлашда манзилли ишлаш, ҳар бир ёшнинг касбий йўналиши ва имкониятларини инобатга олган ҳолда индивидуал ёндашувни кучайтириш, шунингдек, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамда иш берувчилар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири