Эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ёрдам беришда даромад мезонлари оширилади
Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига босқичма-босқич ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилади. Хусусан, эҳтиёжманд оилаларга бериладиган айрим компенсация ва моддий ёрдамларни тайинлашда даромад мезонлари оширилади.
2026 йил 28 октябрда «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, оиладаги ҳар бир кишига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад бўйича белгиланган чегара қуйидагича ўзгартирилади:
— электр энергияси ва табиий газ истеъмоли учун компенсация тайинлашда минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан 2 баробаригача оширилади;
— кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ажратиладиган моддий ёрдамда даромад мезони 1 баробардан 2 баробаргача кўтарилади;
— «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан коммунал харажатларни қоплаш, коммунал тўловлар бўйича қарздорликни бартараф этиш, шунингдек, кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш харажатларини қоплашда ҳам даромад чегараси минимал истеъмол харажатларининг 1 баробаридан 2 баробаригача оширилади.
Шунингдек, аҳоли учун электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёр доирасидаги тарифлар билан белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол учун қўлланиладиган тарифлар ўртасидаги фарқни қоплаш муддати ҳам узайтирилади.
Жумладан, ушбу компенсацияларни тўлаш муддати 2028 йил 1 апрелга қадар давом этади. Кўмир сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун моддий ёрдам бериш муддати эса 2029 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Мазкур ўзгаришлар энергия ресурслари нархларини эркинлаштириш жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш чораларини давом эттиришни назарда тутади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА