Иситиш мавсуми учун эҳтиёжманд оилаларга моддий кўмак кўрсатилади
2026/2027 йилги иситиш мавсумида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Бу ҳақда Президентнинг 2026 йил 28 октябрдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, моддий ёрдам 2026 йил ноябрь ойида қуйидаги тоифадаги фуқароларга ажратилади:
— Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга;
— «Маҳалла еттилиги» хулосаси асосида Ижтимоий реестрга киритилмаган бўлса-да, ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича реестрга киритиш мезонларига мос келадиган оилаларга;
— оиладаги ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромади минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан ошмайдиган оилаларга;
— марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп квартирали уйларда яшовчи, белгиланган даромад мезонларига мос келадиган оилаларга. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг икки баробаридан, Тошкент шаҳрида эса уч баробаридан ошмаслиги керак;
— барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман (шаҳар) штаблари қарорига асосан белгиланган даромад мезонларидан юқори бўлган айрим эҳтиёжманд оилаларга.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам бир марталик моддий ёрдам олувчилар қаторига киритилган.
Мазкур чора-тадбирлар иситиш мавсумида эҳтиёжманд аҳолининг харажатларини енгиллаштириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА