Шахсий қабулда фуқаролар муаммолари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шаҳноза Султонова фуқаролар билан шахсий қабул ўтказди.
Ҳаётимизда турли ижтимоий, ҳуқуқий ёки коммунал муаммоларга дуч келганимизда, уларнинг ечими кўпинча мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан бевосита учрашишга боғлиқ бўлади. Фуқароларнинг шахсий қабулда иштирок этиши бу шунчаки имконият эмас, балки қонун билан кафолатланган ҳуқуқдир.

Давлат органлари ва халқ ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларини узвий ривожлантириш мақсадида ташкил этилган қабулда фуқароларнинг уй-жой, моддий ёрдам ва бандлигини таъминлашга оид мурожаатлари батафсил кўриб чиқилди.

Мурожаатларнинг айримлари юзасидан қабул жараёнининг ўзида тегишли тушунтириш ва тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганиш ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирокини талаб этадиган масалалар бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш, мурожаатчиларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА