Кузатилмайдиган иқтисодиётнинг асосий қисми уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти ҳисобига тўғри келмоқда
Иқтисодиётда расмий статистикада тўлиқ акс этмайдиган фаолият турларини аниқлаш ва уларнинг ҳажмини баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
Бу кўрсаткичлар мамлакатда иқтисодий жараёнларни янада тўлиқ баҳолаш, норасмий иқтсодий фаолият кўламини аниқлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашда муҳим манба ҳисобланади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи қўшилган қиймати 245,5 трлн сўмни ташкил этган.
Шу даврда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 22,9 фоиз бўлган. Кузатилмайдиган иқтисодиёт таркибида асосий улуш уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти ҳисобига тўғри келмоқда. Хусусан, ушбу йўналишдаги ялпи қўшилган қиймат 165,5 трлн сўмни ташкил этиб, ЯИМдаги улуши 15,4 фоизга етган. Яширин иқтисодиёт ҳажми эса 80 трлн сўмни ташкил қилган. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 7,5 фоизга тенг бўлган.
Фаолият турлари кесимида уй хўжаликлари ва жисмоний шахслар фаолияти ҳамда яширин иқтисодиёт ҳажми таркибида энг катта улуш қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги ҳиссасига тўғри келган. Мазкур соҳанинг улуши 60,5 фоизни ташкил этган.
Кейинги ўринларда хизматлар соҳаси — 23 фоиз, қурилиш — 17,8 фоиз ҳамда саноат — 6,7 фоиз билан қайд этилган. Ушбу кўрсаткичлар кузатилмайдиган иқтисодиётда, аввало, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги фаолият сезиларли ўрин тутишини кўрсатади. Норасмий иқтисодий фаолият ҳажмини босқичма-босқич қисқартириш эса иқтисодий жараёнларни янада шаффофлаштириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини расмийлаштириш ва бюджет даромадларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА