“Шаффоф шаҳар” ва “Ҳалол ҳудуд” лойиҳалари туманларда жорий этилмоқда
Халқаро стандартлар ва Европанинг илғор тажрибаси асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши ишлар жадаллашди. Бу борада 2024 йилдан эътиборан “Шаффоф шаҳар” ва “Ҳалол ҳудуд” трансформацион лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, “Шаффоф шаҳар” ва “Ҳалол ҳудуд” – бу давлат органлари ва ташкилотларида ҳалоллик, шаффофлик ҳамда юқори ахлоқий стандартларни қарор топтириш, коррупциянинг ҳар қандай кўринишининг олдини олишга қаратилган халқаро методология.
Мазкур ёндашув Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Жануби-шарқий Европанинг 11 давлатидаги 30 та маҳаллий ҳокимият органида муваффақиятли жорий этилган бўлиб, 2011 йилда давлат хизматини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун БМТнинг нуфузли мукофотига сазовор бўлган.

Мазкур лойиҳалар дастлаб Мирзо Улуғбек, Вобкент туманлари ва Жиззах шаҳрида синов тариқасида амалга оширилиб, маҳаллий бошқарув тизимида 61 турдаги коррупциявий хавф-хатар аниқланди ҳамда ҳар бир ҳудуд учун 2025 - 2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Жорий йилда ушбу ташаббус Тўрткўл, Ҳазорасп, Конимех, Каттақўрғон, Косон ҳамда Олтиариқ туманларида изчил давом эттирилмоқда.
Лойиҳалар доирасида туман ҳокимлари ўринбосарлари, ҳокимликларнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари, бош инспекторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари ҳамда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари вакиллари учун ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.
Семинарларда ҳудудлардаги коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, коррупция хавфи юқори бўлган соҳаларни белгилаш, очиқлик ва ҳисобдорликни янада ошириш ҳамда уларни бартараф этишга қаратилган масалалар кўриб чиқилди.

Ҳозирги вақтда лойиҳа экспертлари томонидан ҳар бир туман бўйича айни йўналишларда амалий чораларни кучайтиришга оид алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида, Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида амалга оширилаётган “Коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ушбу методология республиканинг барча туман ва шаҳарларида босқичма-босқич жорий этилади.
Н.Абдураимова,
ЎзА