Қаршида Халқлар дўстлиги кунига бағишланган тадбирлар ўтказилди
30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Қашқадарё вилоятида миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ғояларини кенг тарғиб этишга қаратилган қатор маънавий-маърифий ҳамда маданий тадбирлар ташкил этилди.
Байрам дастури доирасида вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар вакиллари учун Қарши шаҳридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейига маърифий саёҳат уюштирилди. Иштирокчилар музей экспозициялари, тарихий ҳужжатлар ва ашёлар билан танишиб, уларнинг миллий тарихимиз ва мустақиллик қадриятларини англашдаги аҳамияти ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Шунингдек, Қарши шаҳридаги “Дўстлик уйи”да “Ўзбекистон – ягона Ватан” шиори остида маънавий-маърифий ва маданий тадбир ўтказилди.

Унда масъул ташкилотлар вакиллари, турли миллат ва элатлар вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари, ёшлар ҳамда жамоатчилик иштирок этди.
Тадбир доирасида миллий-маданий марказлар томонидан халқларнинг миллий таомлари, анъанавий либослари ва халқ амалий санъати намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бадиий қисмда эса ижодий жамоалар томонидан Ватан, тинчлик, дўстлик ва миллатлараро тотувлик ғояларини тараннум этувчи куй-қўшиқлар ҳамда миллий рақслар ижро этилди.
Кўтаринки руҳда ўтган байрам тадбирлари турли миллат вакиллари ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик муҳитини асраш ҳамда умумий Ватан туйғусини юксалтиришга хизмат қилди.

Бугунги кунда вилоятда тожик, туркман, рус, татар, бошқирд, араб, қозоқ ва корейс каби 30 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Миллатлараро тотувликни таъминлаш ва урф-одатларни сақлаб қолиш мақсадида вилоятда 6 та миллий маданият маркази фаолият юритмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири