Қишлоқ хўжалиги вазири: юқори ҳосилдорлик учун илмий ёндашув зарур
Хоразм вилояти Янгибозор туманида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокида фермерлар, агрономлар, соҳа мутахассислари ҳамда илмий ходимлар учун пахтачиликнинг долзарб масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Семинарда замонавий пахтачиликнинг устувор йўналишлари, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришишнинг самарали механизмлари кенг муҳокама қилинди.

– Тадбирнинг асосий мавзуси “Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та қонуни” бўлди, – дейди Хоразм вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Ўктам Машарипов. – Бугунги кунда пахтачиликда юқори натижаларга эришиш фақат агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш билангина чекланмайди. Бунинг учун ҳар бир жараённи илмий асосда ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва илғор тажрибалардан самарали фойдаланиш талаб этилади. Шу боис семинар давомида юқори ҳосилдорликка эришишнинг саккизта қонуни батафсил тушунтирилиб, уларнинг амалий аҳамияти ҳамда ҳосилдорликка таъсири ҳақиқий мисоллар асосида ёритилди.

Тадбирда нафақат ҳосилдорлик масалалари, балки экологик барқарорлик ва тупроқ саломатлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, бугунги кунда дунё миқёсида долзарб муаммога айланган микропластик ифлосланишнинг қишлоқ хўжалигига таъсири юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, далаларда қолиб кетаётган пластик чиқиндилар вақт ўтиши билан майдаланиб, микропластикларга айланиши мумкин. Бу эса тупроқнинг биологик фаоллигига салбий таъсир кўрсатиб, ўсимликлар орқали озиқ-овқат занжирига кириб бориш хавфини юзага келтиради. Шу боис фермерларга далаларда экологик маданиятни ошириш, пластик чиқиндиларни ўз вақтида йиғиштириш ва қайта ишлашга топшириш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек, инсоният олдидаги глобал муаммолардан бири бўлган антибиотикларга чидамлилик масаласи ҳам муҳокама қилинди. Вазир ушбу муаммо озиқ-овқат хавфсизлиги билан бевосита боғлиқлигини таъкидлаб, соғлом агроэкотизимни шакллантириш ва илмий асосланган ёндашувларни кенг қўллаш зарурлигини қайд этди.

Семинар давомида ғўза етиштиришда кремний ўғитларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Маълумки, ушбу турдаги ўғитлар шу пайтгача асосан мева-сабзавот экинларида қўлланиб келинган. Эндиликда эса ўзбекистонлик олимлар томонидан уларни пахтачиликда қўллаш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
Семинар якунида фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга олимлар ва мутахассислардан батафсил жавоб олди. Дала шароитида учраётган муаммолар юзасидан фикр алмашилиб, уларни бартараф этиш бўйича илмий асосланган тавсиялар ва амалий ечимлар тақдим этилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири