Сайёр қабулда мурожаатлар эътибордан четда қолмади
Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида фуқароларнинг мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган муаммоларга амалий ечим топишга қаратилган навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Президентнинг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган мулоқотда аҳоли ўзини ўйлантираётган масалалар юзасидан бевосита масъулларга мурожаат қилиш имконига эга бўлди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида ўтказилган қабулда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутасадди идоралар ҳамда тегишли соҳалар масъуллари иштирок этди. Бу эса мурожаатларни фақат эшитиш эмас, балки ҳар бир масала бўйича масъулни аниқ белгилаб, унинг ечимини излаш имконини берди.
Сайёр қабул давомида жами 377 нафар фуқаронинг масаласи қайд этилди. Уларнинг 142 нафари Гулистон шаҳри, 50 нафари Гулистон тумани, 50 нафари Мирзаобод тумани, 35 нафари Сирдарё тумани, 30 нафари Боёвут тумани, 26 нафари Сайхунобод тумани ва 25 нафари Оқолтин тумани аҳолиси ҳиссасига тўғри келди.

Мурожаатлар мазмунига эътибор қаратилса, аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита дахлдор бўлган масалалар кўпроқ ўрин олганини кўриш мумкин. Хусусан, уй-жой, ер ва кадастр, бандлик ва иш ҳақи, даволаниш, моддий ёрдам ва нафақа, суд ишлари ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан кўплаб мурожаатлар билдирилди. Шунингдек, кредит олиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ва мавжуд фаолиятни кенгайтириш истагида бўлган фуқароларнинг мурожаатлари ҳам эътибор марказида бўлди.
Аҳоли томонидан нафақат шахсий, балки маҳалла ва ҳудудлар ҳаётига дахлдор жамоавий муаммолар ҳам кўтарилди. Жумладан, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилаш, табиий газ билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, ички йўлларни асфалтлаш, тунги ёритиш тизимини яхшилаш, оқова сув тармоқларини тартибга келтириш, маиший чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиш ҳамда кўп қаватли уйларни таъмирлаш каби масалалар юзасидан таклиф ва мурожаатлар билдирилди.

Сайёр қабулнинг аҳамиятли жиҳати фуқароларнинг мурожаатлари жойида ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганида намоён бўлди. Ечими шу ернинг ўзида мумкин бўлган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб қиладиган мурожаатлар эса тегишли ташкилотларга йўналтирилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Қабулда эшитилган мурожаатлар эртанги амалий натижага айлансагина, халқнинг давлат идораларига бўлган ишончи янада мустаҳкамланади. Зеро, халқ билан очиқ мулоқотнинг ҳақиқий самараси айтилган гап эмас, ҳал этилган муаммо билан ўлчанади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири