Истеъмолчи ҳуқуқи — қонун ҳимоясида
Бугунги кунда аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Хатирчи тумани Кўксарой маҳалласида яшовчи фуқаро Е.О. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Хатирчи туман жамиятига мурожаат қилиб, ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро туман марказидаги “Олтиной” савдо дўконидан 15 миллион 360 минг сўмга муддатли тўлов асосида электроскутер харид қилган. Бироқ хариддан сўнг, кўп ўтмай транспорт воситаси умуман ишламай қолган.
Фуқаро муаммони ҳал этиш мақсадида савдо маркази ходимларига мурожаат қилганида, унинг талаблари тегишли тартибда кўриб чиқилмаган. Шу сабабли у туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида савдо маркази масъул ходимларига истеъмолчининг қонуний ҳуқуқлари тушунтирилиб, мавжуд муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди. Натижада электроскутер бепул таъмирлаб берилди.
Яна бир мурожаат Хатирчи тумани Деҳқонобод маҳалласида яшовчи фуқаро Н.М. томонидан йўлланган. У Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг 1091 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, туман марказидаги “Ҳамроҳ” савдо дўконидан 7 миллион сўмга муддатли тўлов асосида кондиционер харид қилганини маълум қилган.
Хариддан сўнг кондиционернинг яхши совутмаслиги ва бошқа носозликлар аниқланган. Айниқса, иссиқ кунларда қурилманинг талаб даражасида ишламаслиги оила аъзоларига қатор ноқулайликлар туғдирган. Мурожаат қилган фуқаро муаммони ҳал этишда амалий ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаат ҳам масъул ходимлар томонидан атрофлича ўрганилди. Савдо маркази вакилларига истеъмолчининг ҳуқуқлари тушунтирилиб, муаммони бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Натижада 7 миллион сўмлик кондиционер янгисига алмаштириб берилди ва фуқаронинг қонуний талаби қаноатлантирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири