Саудия хусийлар ҳужумини қоралади
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги хусий гуруҳларининг Подшоҳликдаги бегуноҳ аҳоли, иқтисодий манзиллар, муқаддас Макка, Мадина ва бошқа қатор йирик шаҳарлар ҳамда Қизил денгиздаги кемаларга уюштираётган мунтазам ҳужумини кескин қоралади. Бу ҳақда мамлакатнинг SPA – "Saudi Press Agency" ахборот агентлиги хабар берган.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, 2014 йилдаги давлат тўнтаришидан бери Саудия Яманда сиёсий ечим топишга ҳаракат қиляпти. Афсуски, хусийлар тинчлик ўрнатиш ташаббусини рад этиб, ташқи кучлар манфаати йўлида ҳарбий ҳаракатни давом эттиряпти ва Яман халқини оғир инқирозга гирифтор қилмоқда.
Саудия халқаро ҳуқуққа мувофиқ ўз ҳудуди, ресурслари ва фуқаролари хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун зарур барча чораларни кўриш ҳуқуқига эгалигини билдирди. Шунингдек, Яманнинг қонуний ҳукумати сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан тўлиқ қўллаб-қувватланишини маълум қилиб, БМТ Хавфсизлик кенгаши ва халқаро ҳамжамиятни хусийлар солаётган таҳдидга барҳам бериш учун кескин чоралар кўришга чақирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА