Истанбулда Фаластин билан биродарлик кунлари ўтказилади
“Anadolu” нашри маълум қилишича, Фаластинни қўллаб-қувватлаш платформаси 7-11 октябрь кунлари Истанбулнинг Ускудар майдонида Фаластин билан биродарлик кунларини ўтказади.
Беш кунга мўлжалланган кенг кўламли дастур нодавлат ташкилотлари вакиллари, ёзувчилар, тадқиқотчилар, фаоллар ва санъаткорларни бир даврага жамлаш баробарида болали оилалар учун ҳам алоҳида қулайлик яратади. Тадбир доирасида турли муҳокама, концерт дастури, фото кўргазма, болалар учун маҳорат сабоғи, бойкот ҳаракатини қўллаб-қувватлашга қаратилган тарғибот акцияси ҳамда Қуддуси Шарифга бағишланган махсус учрашув ташкил этилади.
Келганлар учун мавзуга оид стенд ва интер фаол майдонча доимий равишда фаолият юритади. Хусусан, меҳмонлар Қуддуснинг тарихий, диний ва маънавий аҳамиятини ёритиб берувчи “Миниа-Қудс” ҳаракатланувчи айвони, Фаластин ҳаётига бағишланган фото кўргазма ҳамда Ғазодаги таълим муаммоларини акс эттирувчи синф хонаси нусхаси билан танишиши мумкин. Бундан ташқари дастурдан “Ғазо 18+” номли виртуал воқелик (VR) симуляцияси, Ғазодаги чодирлар лагери қайта гавдалантирилган майдонча ҳамда фожиали воқеалар хотирасини сақлашга қаратилган рақамли лойиҳа ўрин олган.
Ёшлар учун ижодий маҳорат дарси, турли ўйинлар, театр ва мусиқа чиқишлари, шунингдек махсус юриш марши уюштирилади. Анжуманда кўплаб нодавлат ташкилотлари ўз ташаббуси билан иштирок этади. 5 кун давомида Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия савдоси ҳам йўлга қўйилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА