Физика бўйича Нобель мукофотининг 2026 йилги совриндори эълон қилинди
Швеция Қироллик Фанлар академияси 2026 йилги Физика бўйича Нобель мукофотини таниқли физик Френсис Ҳалзенга топширишга қарор қилди. Олим ушбу юксак мукофотга "IceCube" нейтрино обсерваториясини яратишга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси ҳамда астрофизик келиб чиқишга эга юқори энергияли нейтриноларни кашф этгани учун лойиқ деб топилди.
Френсис Ҳалзен Жанубий қутбдаги қалин муз қатламидан «нейтрино» деб аталувчи элементар заррачаларни тутиш ва кузатишда фойдаланиш мумкинлигини биринчилардан бўлиб англаб етган эди. Унинг илмий ташаббуси ва раҳбарлиги остида Антарктидада махсус ёруғлик датчиклари билан жиҳозланган, бир куб километр ҳажмдаги муз массивидан иборат ноёб “IceCube” обсерваторияси барпо этилди.
Ушбу иншоот ёрдамида тадқиқотчилар коинотнинг энг олис ва энергияга бой жараёнларидан ажралиб чиқувчи нейтриноларни қайд этишга муваффақ бўлишди.
Нейтринолар бутун коинотда ва атрофимизда жуда кўп миқдорда мавжуд бўлса-да, уларни сезиш ниҳоятда мураккаб. Улар бутун Ер шарини, ҳатто инсон танасини ҳам ҳеч қандай из қолдирмасдан тешиб ўтади. Фақат жуда кам ҳоллардагина битта нейтрино атом ядроси билан тўқнашади ва айнан мана шу камёб ҳодиса “IceCube” ускуналари ёрдамида уларни қайд этиш ва ўрганиш имконини беради.
Обсерватория томонидан доимий равишда йиғиб борилаётган бундай маълумотлар олимларга юқори энергияли нейтринолар пайдо бўладиган шиддатли коинот муҳити ҳақида мутлақо янги тасаввурларни тақдим этмоқда ҳамда ҳали инсониятга номаълум бўлган бошқа космик ҳодисаларни очишга хизмат қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ физиология ва тиббиёт бўйича 2026 йилги Нобель мукофоти Карл Дайссерот, Петер Хегеманн ва Георг Нагель “нур билан бошқариладиган ион каналлари ва оптогенетикага оид кашфиётлари учун” топширилиши ҳақида хабар берган эдик.
Ф.Яхшибоева, ЎзА