Сафарбарликка чақирилган фуқароларнинг кредит тўловлари кечиктирилади
Мамлакатимизда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Эндиликда “Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасидаги муносабатларни ягона ҳуқуқий асосда тартибга солади.
Парламент қуйи палатаси мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинган ушбу лойиҳада сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарликнинг асосий мақсадлари, принциплари ва устувор йўналишлари белгиланмоқда.

Таъкидланганидек, лойиҳада давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари ва мажбуриятлари аниқ назарда тутиляпти. Ҳужжатда “сафарбарлик тайёргарлиги” ва “сафарбарлик” тушунчалари илк бор аниқ ва комплекс ҳуқуқий мазмунда ўз аксини топмоқда.
Шу билан бирга, умумий ёки қисман сафарбарликни эълон қилишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари, давлат органлари ва ташкилотларнинг вазифалари, иқтисодиёт тармоқларини уруш даври шароитида ишлашга ўтказиш тартиби белгилаб берилмоқда. Хусусан, давлат ва аҳолининг эҳтиёжларини узлуксиз таъминлаш мақсадида озиқ-овқат, ёқилғи, тиббий хизмат, транспорт, алоқа каби муҳим тизимларнинг барқарор фаолиятини таъминлаш чоралари назарда тутилган.
Бундан ташқари, сафарбарлик даврида чақирилган фуқаролар учун иш жойини сақлаб қолиш, кредит тўловларини кечиктириш, етказилган зарарларни компенсация қилиш каби ижтимоий кафолатлар ҳам мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА