Руминиянинг F-16 қирувчиси “мехмон дрон”ни йўқ қилди
Руминия ҳарбий кучларига қарашли F-16 қирувчи самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига кирган учувчисиз учиш қурилмасини йўқ қилди. Ҳодиса жума куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида содир бўлган. Расмийлар воқеа юзасидан текширув бошланганини маълум қилди.
Ўлка Мудофаа вазирлиги билдиришича, қирувчи самолёт режали ҳаво назорати вазифасини бажараётган вақтда нишонга ҳаводан ҳавога отиладиган ракета қўлланган. Учувчисиз қурилма пойтахт Бухарестнинг шимоли-шарқида жойлашган Падина ҳудуди осмонида бартараф этилган.
Вазирлик маълумотларига кўра, учоқ аввал тонгги соат 9:40 да Қора денгиз устидаги кузатув тизимлари томонидан аниқланган. Кейин у Сулина порти томон ҳаракатланган ва шундан сўнг Бузеу шаҳри йўналишига бурилган. Вазиятни назорат қилиш учун Руминиянинг икки нафар F-16 самолёти билан бирга мамлакатдаги ҳарбий базада хизмат қилаётган Италиянинг икки “Eurofighter Typhoon” қирувчиси ҳам ҳавога кўтарилган.
Бу кейинги ойларда Руминия ҳудудида қайд этилган бундай ҳодисаларнинг давоми бўлди. Май ойида портловчи модда ортилган Россия дрони Галац шаҳридаги турар жой биносига қулаб, ёнғин келтириб чиқарган ва икки киши жароҳатланган эди. Июнда эса Украинанинг денгиз дрони Констанца портида портлаган. Европа Иттифоқи расмийлари бундай воқеаларни Украина низоси оқибатида минтақа хавфсизлигига юзага келаётган жиддий таҳдид сифатида баҳоламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА