Венесуэла Халқаро жиноят суди юрисдикциясидан чиқишини эълон қилди
Венесуэла ташқи ишлар вазири Феликс Пласенсиа Гаагада жойлашган судни Глобал Жануб мамлакатларига нисбатан “географик бирёқламалик”да айблади.
Мамлакат ҳукумати жума куни БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ўлканинг Халқаро жиноят суди (ХЖС)дан доимий равишда чиқиш жараёнини бошлагани ҳақида расмий билдиришнома юборганини маълум қилди.
“Анадолу” ахборот агентлиги ёзишича, бу қарор давлат Миллий ассамблеяси томонидан Рим статути – Гаагадаги Халқаро жиноят судини таъсис этган асосий халқаро шартномани ратификация қилишни бекор қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинганидан кейин амалий босқичга ўтган.

– Венесуэла суд фаолияти асосан, Африка ва Лотин Америкаси давлатларига қаратилиб, Глобал Жануб мамлакатлари манфаатларига зарар етказаётганини ҳисоблайди, -деди Феликс Пласенсиа. – Бу эса халқаро адолат тизими тенг ва холис қўлланилмаётганини, аксинча, халқлар ўртасидаги тенгсизликни чуқурлаштириш ҳамда уларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ва суверенитет ҳуқуқини эътиборсиз қолдириш воситасига айланганини кўрсатади.
У шунингдек, Халқаро жиноят судини Венесуэла халқига қарши “ҳуқуқий уруш” (lawfare) олиб бориш ва халқаро ҳуқуқ билан боғлиқ бўлмаган сиёсий манфаатларга хизмат қилишда айблади.
– Биз халқларнинг суверенитети ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қиладиган, ҳақиқатан ҳам адолатли халқаро ҳуқуқ тизимига содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз, -деди у.
Венесуэланинг Рим статутидан чиқиш ҳақидаги қарорига қарамай, Халқаро жиноят суди прокуратураси 2021 йилда мамлакатда инсониятга қарши жиноятлар содир этилгани ҳақида очилган тергов суд юрисдикцияси доирасида давом этишини маълум қилди.
Ў.Алимов, ЎзА