Испанияда ажримлар сони камайди
Испанияда 2025 йил давомида никоҳни бекор қилиш ҳолатлари нисбатан камайди. Мамлакат Миллий статистика институти маълумотига кўра, йил давомида 83 минг 683 та ажрим, алоҳида яшаш ва никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ иш қайд этилган. Бу 2024 йилга нисбатан 2,7 фоизга кам кўрсаткичдир.
Ҳисоботда энг катта ўзгариш фарзандлар васийлиги билан боғлиқ масалада кузатилди. Вояга етмаган фарзандлари бор оилаларнинг 50,8 фоизида болаларни ота-она биргаликда тарбиялаши белгилаб берилган. Бу кўрсаткич биринчи марта болаларни фақат она қарамоғига бериш ҳолатларидан юқори бўлди. Онага якка тартибда васийлик 45,3 фоиз, отага эса атиги 3,4 фоиз ҳолатда берилган.
Маълумотларга кўра, ажрашган жуфтликлар ўртача 16,2 йил бирга яшаган. Никоҳларнинг қарийб учдан бири 20 йилдан ортиқ давом этгач тугаган. Ажрашаётганларнинг ўртача ёши ҳам ошиб бормоқда. 2025 йилда эркаклар ўртача 49,1 ёшда, аёллар эса 46,6 ёшда ажрашган. Энг кўп ажрим 40–49 ёш оралиғидаги фуқаролар ҳиссасига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Сеута шаҳрида қайд этилди. Бу ерда ҳар минг аҳоли ҳисобига 2,5 та никоҳ бекор қилинган. Энг паст кўрсаткич эса Эстремадура, Кастилия ва Леон ҳудудларида кузатилди. Мутахассислар фикрича, ажримлар сонининг пасайиши билан бир вақтда фарзанд тарбиясида масъулиятни тенг тақсимлаш амалиёти кенгайиб бораётгани Испания оила ҳуқуқи тизимидаги муҳим ўзгаришлардан бири ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА