Руҳиятни юксалтираётган муждалар
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёналари кенг нишонланаётган айни кунларда жойларда байрам тадбирлари ўтказилиши асносида замонавий иншоотлар, ишлаб чиқариш объектлари, саноат мажмуалари, мактаб, боғча, турар жой комплекслари, спорт майдонлари каби юзлаб янги-янги инфратузилмалар фойдаланишга топширилаётгани янги Ўзбекистон қиёфасига ўзгача чирой бағишламоқда.
Чиройли бинолар, кўркам майдонлар, виқорли ва муҳташам иншоотлар кўнгилга ўзгача завқ бағишлайди. Руҳиятни юксалтиради.
Шу маънода, халқимиз турмуш тарзининг янада яхшиланиши, жамият тараққиётига хизмат қилаётган бу янгиликлар ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш билан бирга, халқаро майдонда янги Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ошишига беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ҳудудларда янги объектларни ишга тушириш бўйича ўтказилган маросимда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумий қиймати қарийб 50 триллион сўм бўлган 72 та йирик саноат ва сервис лойиҳаси, 91 та ижтимоий соҳа объекти фойдаланишга топширилгани, янги лойиҳалар ҳисобига 15 мингта иш ўрни яратилгани, бюджетга йилига қўшимча 1 триллион сўм тушум тушиши таъминланиши қайд этилди.

Яна бир эътиборга молик жиҳат, янги ўқув йили арафасида ижтимоий соҳада ҳам кўплаб замонавий объектлар фойдаланишга топширилди. 36 та боғча, 43 та мактаб, 7 та олий таълим муассасаси ва 3 та шифохона бунёд қилингани истиқлол берган имкониятлар кўламидан далолат, дейиш мумкин.
Рақамларда ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, юқорида келтирилган фактлар, сонлар бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган ўзгаришларга, юксалишларга ҳамоҳанглиги билан эътиборли.

Истиқлол шодиёналари давом этаётган шу кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида жисмоний тарбия ва спорт объектлари фойдаланишга топширилаётгани юртимизда соғлом турмуш тарзи кундалик юмушимизга айланаётгани билан бирга, халқаро спорт майдонларида юрт байроғини сарбаланд этадиган чемпионлар сафи ортишига хизмат қилмоқда.

Куни кеча Фарғона, Жиззах, Андижон, Қашқадарё вилоятларида бир-биридан кўркам спорт иншоотлари, футбол майдончалари, мажмуаларнинг тантанали очилиш маросимлари ўтказилдики, бу масканлардаги тадбирлар истиқлол шодиёналарига уланиб кетди.

Хусусан, Тошкент тумани Нурҳаёт маҳалласи ҳудудида эркин кураш зали ҳамда спортчилар ётоқхонаси фойдаланишга топширилгани, "Беш ташаббус олимпиадаси"нинг ўтган йилги мавсумида волейбол спорт тури бўйича Яккасарой тумани ёшлари қўлга киритган ғалаба эвазига тумандаги Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти академик лицейи ҳудудида универсал спорт майдончаси фойдаланишга топширилгани ёшлар учун чинакам мустақиллик туҳфаси бўлди.

Бугун янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, халқимиз ҳаётидаги улкан ўзгаришлар ва эртанги кунга бўлган беқиёс ишончи Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратилаётганининг амалий ифодасидир.
Т.Рўзиев,
ЎзА