Ўзбекистон — Туркия дўстона муносабатлари кенгайиб бормоқда
Туркия Республикаси Ҳатай вилояти ҳокими Мустафа Масатли бошчилигидаги делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташриф буюрди.
Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов билан бўлиб ўтган учрашувда Спикер Ўзбекистон ва Туркия ўртасида мустаҳкам шериклик алоқалари ривожланиб, қардош икки халқнинг ўзаро дўстона муносабатлари кенгайиб бораётганини эътироф этди. Шунингдек, меҳмонларга Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, Қонунчилик палатасининг фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Ўз навбатида, М.Масатли самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида охирги ўн йилда Ўзбекистон тез суръатларда ривожланаётгани, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ортиб бораётганини эътироф этди.
Шу билан бирга, меҳмон Туркиянинг Ҳатай вилоятида рўй берган зилзила оқибатларини юмшатиш ва бартараф этишда Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ёрдам қўлини чўзганини ҳамда Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва топшириғига кўра, Арсуз туманида 306 хонадондан иборат 24 та қўп қаватли уй-жой қуриб берилганини икки халқ ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва қардошликнинг ёрқин ифодаси сифатида юксак баҳолади.

— Ҳатай заминида бунёд этилган гўзал масканларга “Шавкат Мирзиёев бульвари”, “Ўзбекистон маҳалласи”, “Тошкент” ва “Самарқанд” кўчалари, “Ўзбекистон қардошлик парки” каби номлар берилиши ва “Бухоро жоме масжиди”нинг фаолият юритиши халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди М.Масатли.
Учрашувда Ўзбекистон вилоятлари ва Ҳатай ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, Хоразм ва Ҳатай ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш орқали ҳудудлар ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш мумкинлиги қайд этилди.
М.Комилова,
ЎзА