Мустақиллик байрамида қўшимча поезд, автобус ва авиарейслар йўлга қўйилади
Мустақиллик байрами кунларида аҳолининг мамлакат бўйлаб саёҳат қилиши учун темир йўл, автомобиль ва ҳаво транспортида қўшимча қатновлар ташкил этилади.
Байрам арафасида ички туризмни ривожлантириш, аҳолига саёҳат учун қулай шароит яратиш ҳамда туристик ҳудудларга бориш-келиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида транспорт қатновлари кўпайтирилади.
“Тошкент–Хива–Тошкент”, “Тошкент–Қўнғирот–Тошкент”, “Тошкент–Шовот–Тошкент”, “Тошкент–Термиз–Тошкент” ва “Тошкент–Сариосиё–Тошкент” йўналишларидаги поездларга 4 тагача қўшимча вагон уланади.
Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд–Тошкент”, “Тошкент–Бухоро–Тошкент” ва “Тошкент–Урганч–Тошкент” йўналишларида юқори тезликдаги электропоездларнинг қўшимча қатновлари ташкил этилади.
Қўшимча қатновлар байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давом этади. Вилоятлараро йўналишларда қўшимча автобус қатновлари йўлга қўйилади. Тошкентдаги Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилади.
Байрамдан камида икки кун олдин Тошкент–Урганч, Тошкент–Нукус, Тошкент–Бухоро ва Тошкент–Термиз йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади.
Кўрилаётган чоралар байрам кунларида аҳолининг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиши, тарихий-маданий ёдгорликлар, туристик ва табиий масканларга ташриф буюриши учун қўшимча транспорт имкониятларини яратади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА