Россия билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 50 миллиард доллардан ортади
Президент Шавкат Мирзиёев Петербург халқаро иқтисодий форумининг ялпи йиғилишида нутқ сўзламоқда.
Президентимиз Ўзбекистон учун Россия минтақадаги шунчаки қўшни эмас, вақт синовидан ўтган стратегик шерик ва иттифоқчи эканини қайд этди.
Бугунги кунда ўзаро муносабатларимиз янги даврга қадам қўйди. Ҳамкорлик кўп даражали ва кўп қиррали тус олди.
Маҳсулотларнинг оддий савдо-сотиғидан мураккаб саноат занжирлари, технологик алянслар, биргаликда лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қадар бўлган йўлни босиб ўтдик.
Сўнгги 10 йилда ўзаро маҳсулот айланмаси уч баробардан кўпроқ – 4 миллиард доллардан 13 миллиард долларга ошди. Россия билан ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг умумий портфели 50 миллиард доллардан ортади.
Икки давлат ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. Амалга оширилаётган ҳудудлараро лойиҳалар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этади, яна 5 миллиард долларлик инвестициялар пакети тайёрланмоқда.
ЎзА