Шуманайда замонавий МТТ биноси барпо этилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 4-сонли мактабгача таълим ташкилоти негизида бугунги кунда янги, замонавий ва барча зарур шароитларга эга бино қурилиши ишлари олиб борилмоқда.
Қурилиш жараёнининг белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси мутасаддилари томонидан қурилиш ишларининг бориши мунтазам ўрганилиб, назорат қилиб борилмоқда.

Лойиҳа доирасида қурилиш ишларини амалга ошириш учун 7 миллиард 948 миллион сўм маблағ ажратилган. Янги бинода 140 нафар болажоннинг таълим-тарбия олиши учун замонавий ва қулай шароитлар яратилади.

Янги мактабгача таълим ташкилотини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш ва ободонлаштириш ишларини йил якунига қадар тўлиқ якунлаб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Зеро, болалар учун яратилаётган ҳар бир қулайлик келажакка қўйилаётган муҳим қадамдир.
Ушбу эзгу ташаббус ҳудуд инфратузилмасини янада ривожлантириш билан бирга ёш авлоднинг сифатли таълим-тарбия олиши учун муносиб шароитлар яратишга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири