Қутқарувчиларга янги бино ва махсус автомобиль топширилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Сирдарё тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими тасарруфидаги 11-қутқарув қисми учун барпо этилган янги бино фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан қутқарувчиларга замонавий махсус ёнғин ўчириш автомобили ҳам тақдим этилди.
Тантанали тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Искандар Маҳмудов, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Садиров, туман ҳокими Азизбек Турдимуродов, соҳа фахрийлари ҳамда шахсий таркиб вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталдилар. Айниқса, қутқарувчилар учун замонавий хизмат шароитларини яратиш, уларни зарур техника ва жиҳозлар билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар соҳанинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
— Бу йил юртимиз ҳаётидаги икки муҳим сана — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил этилганининг 30 йиллигини катта қувонч билан қарши олмоқдамиз. Ўтган давр мобайнида тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳоли ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга тезкор жавоб қайтариш имкониятлари янада кенгайди.
[gallery-31178]
Мустақиллик байрами арафасида Сирдарё туманида 11-қутқарув қисми учун янги бинодан фойдаланиш бошлангани ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодасидир. Бу ерда ходимлар учун муносиб хизмат шароити яратилган. Янги маскан қутқарувчиларнинг ўз вазифаларини самарали бажаришига муносиб хизмат қилади, — деди Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Хуршид Садиров.
Янги иншоот туман ҳокимлиги ва ҳомийлар кўмагида ҳашар усулида қуриб битказилди. Бинонинг фойдаланишга топширилиши қутқарувчиларнинг кундалик хизмат фаолияти учун қулай шарт-шароит яратиш билан бирга, уларнинг фавқулодда вазиятларга доимий шайлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Тантана давомида махсус ёнғин ўчириш автомобилининг топширилиши ҳам қутқарувчилар учун катта қувонч бўлди. Замонавий техника фавқулодда ҳолатларга тезкор етиб бориш, ёнғинларни барвақт бартараф этиш ва аҳолига зарур ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада оширади.
Шу куни Ховос тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими тасарруфидаги 13-қутқарув қисмида ҳам бунёдкорлик ва янгиланишларга бой тадбир бўлиб ўтди. Мазкур қутқарув қисми биноси замонавий талаблар асосида таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қутқарувчилар учун яратилаётган муносиб хизмат шароитлари ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар хусусида сўз юритилди.
Янгиланган бинолар ва замонавий махсус техника қутқарувчиларнинг хизмат вазифаларини янада самарали бажариши, фавқулодда вазиятларга шайлигини ошириши ҳамда аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга замин яратади. Айни пайтда, Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида улар учун яратилган бундай муносиб шароитлар соҳа ходимларининг шарафли ва масъулиятли меҳнатига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА