Хавфсизлик — энг олий қадрият
Инсон учун энг қиммат неъмат — ҳаёт. Ҳаётни асраш, уни турли хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимиз ҳар куни хотиржам ва осойишта яшаши учун зарур шарт-шароитларни яратиш эса давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан биридир.
Бугун юртимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш тизимини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш, қутқарув хизматларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий ёндашувларни жорий этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу эзгу мақсадлар Бухоро вилоятининг энг чекка Қоровулбозор туманида ҳам амалий натижаларда намоён бўлмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Қоровулбозор тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими учун капитал таъмирланган замонавий бино фойдаланишга топширилди.
Мазкур объектни капитал таъмирлаш учун 2 миллиард 252 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Mirzo Barakat Stroy” МЧЖ томонидан сифатли амалга оширилди.

Янги бинодаги шароитлар оддий таъмирдан кўра кенгроқ маънога эга. Зеро, фавқулодда вазиятларда вақт — энг қиммат ресурс. Қутқарувчининг ҳар бир дақиқада тез ва тўғри қарор қабул қилиши, воқеа жойига ўз вақтида етиб бориши, зарур чораларни кўриши инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
Шу боис янги бинода ходимларнинг кундалик хизмат фаолиятини самарали ташкил этиши, навбатчилик ва тезкор ҳаракатларни мувофиқлаштириши, фавқулодда ҳолатларга доимий шай туриши учун зарур шароитлар яратилган.
Замонавий инфратузилма нафақат ходимларга қулайлик беради, балки уларнинг касбий салоҳиятини тўлиқ намоён этиши, хизмат вазифаларини сифатли бажариши ва аҳолига тезкор ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиради.
Бугун фавқулодда вазиятлар хизмати зиммасидаги вазифалар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ёнғинларнинг олдини олиш, табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, қутқарув ишларини ташкил қилиш, жабрланганларга биринчи навбатда зарур ёрдам кўрсатиш — буларнинг барчаси юксак масъулият ва профессионал маҳоратни талаб этади. Бундай шароитда қутқарувчининг билими ва жасорати билан бир қаторда, унинг ихтиёридаги замонавий техника ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан тадбир доирасида Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларига янги махсус автомашиналар топширилгани айни муддао бўлди.
Янги махсус техникалар фавқулодда вазият содир бўлган ҳудудга қисқа вақт ичида етиб бориш, қутқарув ишларини тезкор ташкил этиш, хавфли вазиятни бартараф қилиш ва аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.
Бошқача айтганда, бу техникалар — темир ва механизмлардан иборат оддий восита эмас. Улар ортида инсон ҳаётини асраш, хонадонларни ҳимоя қилиш, бир оиланинг хотиржамлигини сақлаб қолишдек улкан масъулият мужассам.
Тантанали тадбирда соҳа ходимлари билан бир қаторда, йиллар давомида аҳоли хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фахрийлар ва тажрибали ходимларнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, соҳа ходимлари, фахрийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари янги бинони кўздан кечириб, бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири