Ҳар бир инсон эътиборда
Камбағалликни қисқартириш — фақат статистик кўрсаткичларни яхшилаш эмас. Бу, аввало, инсонга ўз меҳнати орқали муносиб даромад топиши учун имконият яратиш, оилада эртанги кунга ишонч уйғотиш, ҳар бир хонадоннинг мавжуд салоҳиятини ишга солиш демакдир.
Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маҳаллабай ишлаш, ҳар бир оила билан индивидуал иш олиб бориш, аҳолига даромад келтирадиган фаолият турларини йўлга қўйиш борасида янги ёндашувлар жорий этилмоқда.
Бу жараённинг асосий мезони эса оддий: ҳар бир инсон ўз меҳнати билан оиласи фаровонлигини таъминлай олиши керак.
Ана шу мақсадлар Бухоро туманидаги “Қавола Маҳмуд” маҳалласида ҳам изчил амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Қавола Маҳмуд” маҳалласи фуқаролар йиғини биносида туман ҳокимлиги ва маҳалла масъуллари билан учрашиб, ҳудудда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

Бугун маҳаллада 6 минг 626 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 1 минг 615 та оила ва 1 минг 195 та хонадон мавжуд. Шунингдек, 57 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро, 105 нафар миграцияда бўлган ва 27 нафар ишсиз фуқаро бор. Бир қарашда булар оддий рақамлардек туюлиши мумкин. Аммо ҳар бир рақам ортида бир инсон, бир оила, бир тақдир бор. Шу боис учрашувда асосий эътибор мавжуд ишсизликни камайтириш, фуқароларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва ҳар бир оиланинг ички имкониятларини ишга солишга қаратилди.
Вилоят раҳбари масъулларга рақамлар ортидаги инсонни кўриш, ҳар бир ишсиз фуқаро билан индивидуал ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлашда хотин-қизларни касб-ҳунарга жалб этиш, уларнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, муносиб меҳнат фаолияти билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, оилада аёлнинг иқтисодий фаоллиги ошса, бу нафақат унинг шахсий даромади, балки бутун хонадоннинг ижтимоий барқарорлигига таъсир кўрсатади. Шу маънода, хонадонбай иш ўринлари яратиш, касбга ўқитиш, кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш каби йўналишлар маҳаллада камбағалликни қисқартиришнинг муҳим воситалари сифатида белгиланди. “Қавола Маҳмуд” маҳалласида чорвачилик ва деҳқончилик аҳоли бандлиги ҳамда даромадларини оширишнинг муҳим манбаларидан ҳисобланади.

Шу сабабли учрашувда мавжуд томорқа ва хонадон имкониятларидан янада самарали фойдаланишга алоҳида урғу берилди. Хусусан, хонадонларда паррандачилик ва қорамолчиликни ривожлантириш, иссиқхоналар ташкил этиш, аҳолини бозор талабидан келиб чиқиб маҳсулот етиштиришга йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, хонадондаги бир қарич ер ҳам, бўш турган иморат ҳам, мавжуд иссиқхона ҳам оила учун даромад манбаига айланиши мумкин. Муҳими, мақсад одамларга фақат ёрдам бериш эмас, балки уларга доимий даромад топиш имкониятини яратишдир. Вилоят раҳбари маҳаллада яшовчи Манзура Муҳаммедова хонадонига ташриф буюриб, унинг оилавий ва ижтимоий ҳолати билан яқиндан танишди.
Манзура Муҳаммедова икки нафар вояга етмаган фарзандини ёлғиз тарбияламоқда. Оила ижтимоий реестрга киритилган бўлиб, доимий даромад манбаини шакллантириш ва яшаш шароитини яхшилашга эҳтиёж мавжуд. Бу хонадондаги ҳолат билан танишиш жараёнида бир жиҳат алоҳида эътиборни тортди. Хонадонда мавжуд, аммо айни пайтда ишламаётган иссиқхона бор. Аслида, бу — муаммо билан бирга ечим ҳам шу ерда эканини англатади. Яъни янги имконият излашдан аввал мавжуд имкониятни ишга солиш мумкин.
Вилоят раҳбари иссиқхонани қисқа муддатда қайта ишга тушириш, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш ва шу орқали оила учун барқарор даромад манбаини яратиш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берди.

Шунингдек, Манзура Муҳаммедова ва унинг вояга етмаган фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оиланинг эҳтиёжларини мунтазам ўрганиш ва мавжуд муаммоларни босқичма-босқич ҳал этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Камбағалликни қисқартиришда энг тўғри йўл — инсонни фақат моддий ёрдам олувчи эмас, балки ўз ҳаётини ўзгартира оладиган фаол субъект сифатида кўришдир. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойили, маҳаллани ислоҳотларнинг асосий бўғинига айлантириш, аҳолининг даромадини ошириш ва ҳар бир оилани қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббусларнинг моҳияти ҳам шунда. Бунда давлат ва маҳалла инсонга йўл очиб беради, шароит яратади, кўмаклашади. Инсон эса ўз меҳнати, интилиши ва ташаббуси билан бу имкониятдан фойдаланади. Қавола Маҳмуд маҳалласидаги ишлар ҳам ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири