Қудуқларни ишга тушириш ва капитал таъмирлаш ишлари жадаллаштирилади
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида навбатдаги ишчи йиғилиш ўтказилиб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини барқарор таъминлаш, қудуқларни ишга тушириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Август ойида ишга туширилиши режалаштирилган 27 та қудуқ, жумладан, 11-20 август кунлари фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган 5 та қудуқдаги ишлар ҳолати кўриб чиқилди. Ушбу қудуқлар ишга туширилиши натижасида кунлик қўшимча 469 минг куб метр табиий газ қазиб чиқариш имконияти яратилади.
Жамият ахборот хизматига кўра, йиғилишда капитал таъмирланаётган қудуқлар ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Режага кўра, ойнинг иккинчи ўн кунлигида 6 та газ қудуғини капитал таъмирдан чиқариб, ишга қўшиш белгиланган. Ҳозирга қадар 4 та қудуқ фойдаланишга топширилиб, кунлик қўшимча 130 минг куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилди. Қолган қудуқлар бўйича ишларни жадаллаштириш, таъмирлаш жараёнларида сифат ва хавфсизликни таъминлаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, муддатини ўтаб бўлган қудуқларни белгиланган тартибда ликвидация қилиш, махсус комиссия фаолиятини йўлга қўйиш ва ишларни норматив ҳужжатлар асосида ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Хитойнинг “XIBU” компанияси томонидан бурғиланаётган қудуқлардаги ишлар ҳам муҳокама қилиниб, хорижий мутахассислар тажрибасидан маҳаллий кадрлар малакасини оширишда самарали фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида электр таъминоти барқарорлиги, техник қурилмалар созлиги ва эҳтимолий носозликларни олдиндан бартараф этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ҳар бир масъул раҳбардан аниқ натижа ва шахсий жавобгарлик талаб қилиниши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА