Йил якунига қадар Францияга 10 минг тонна минерал ўғит экспорт қилинади
“Ўзкимёимпэкс” МЧЖ ва Европанинг “Eudaira” компанияси ўртасида экспорт бўйича келишув имзоланди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган ушбу келишув юртимизда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар ва кимё саноати маҳсулотларини хорижий бозорларга экспорт қилиш географиясини кенгайтириш имконини беради.
Келишувга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган минерал ўғитлар ва бошқа кимё саноати маҳсулотларини Францияга етказиб бериш йўлга қўйилади. Бу маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг Ғарбий Европа бозоридаги иштирокини кенгайтиришга замин яратади.

Келишув доирасида 2026 йил якунига қадар Францияга 10 минг тонна минерал ўғит экспорт қилиш режалаштирилган. Кейинги босқичларда эса етказиб бериш ҳажмини изчил ошириш ҳамда экспорт қийматини 100 миллион долларга етказиш бўйича ишлар амалга оширилади.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур келишув Франция бозорида янги савдо каналларини шакллантириш, Ўзбекистон кимё саноати маҳсулотларининг экспорт географиясини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозордаги иштирокини оширишга янги имкониятлар очади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА