Қорақалпоғистон Республикаси хабарлари – қисқа сатрларда
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида республика бўйлаб янги ижтимоий ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилмоқда.
Мана шундай объектлар қаторида Тўрткўл темир йўл вокзалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур вокзал тўлиқ реконструкция қилиниб, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва қулайлигини оширишга қаратилган замонавий шароитлар яратилди.
Реконструкция ишлари доирасида вокзал биносининг ички ва ташқи қисми янгиланиб, замонавий кутиш зали ташкил этилди, янги ўриндиқлар ўрнатилди. Поездлар ҳаракати ҳақида тезкор маълумот берувчи электрон ахборот таблоси жорий қилинди ҳамда бепул интернет хизмати йўлга қўйилди.
Имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган йўловчилар учун ҳам тегишли қулайликлар яратилди. Ташқи ҳудуд ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, вокзал ҳудудида чакана савдо, алоқа ускуналари ва офис хизматлари фаолияти йўлга қўйилди.
***
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Хўжайли туманида янгидан қад ростлаган савдо мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Тантанали тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлари асосида берилган имтиёзлардан фойдаланиб, 15 миллиард сўм маблағ ҳисобидан янги инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Натижада 32 та шохобчадан иборат бўлган савдо мажмуаси ўз фаолиятини бошлаб, 100 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Тадбир очилишида сўзга чиққанлар бундай объектлар туманда хизмат кўрсатиш соҳаси ривожига, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга салмоқли ҳисса қўшишини, бу ўз навбатида туман аҳолиси учун байрам совғаси бўлганини таъкидлади.
***
Бўзатов тумани “Кўк-сув” овул фуқаролар йиғини ҳудудида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳомийлиги ҳисобидан маҳалла биноси янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан янги бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар ҳудуд аҳлини мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва янги бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан табриклади. Албатта, янги бино маҳалла аҳли учун қулай шароит яратиб, фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.
***
Мўйноқ тумани прокуратураси ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига янги ўқув йили олдидан ўқув қуроллари ва мактаб кийимлари топширилди.

Кўрсатилган амалий ёрдам болажонларнинг янги ўқув йилини кўтаринки кайфият ва катта ишонч билан бошлашларига муносиб кўмак бўлди.
Тадбир давомида болаларга самимий тилаклар билдирилиб, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилди. Бу эса болалар учун нафақат зарур ўқув жиҳозлари, балки меҳр ва қўллаб-қувватлашнинг ёрқин ифодаси бўлди. Зеро, ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, тенг имкониятларга эга бўлиши ва келажакка ишонч билан қадам қўйиши жамиятимиз учун муҳим қадриятдир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.