Марҳумнинг ҳаёт ва меҳнат йўли ёдга олинди
Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида узоқ йиллар давомида фидойилик билан хизмат қилган Раҳмон Худойбергановнинг меҳнати, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига қўшган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Раҳмон Худойберганов "Истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоячиси" кўкрак нишони билан тақдирланган эди.
Ушбу юксак мукофотни оиласига етказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раҳбарияти байрам арафасида марҳумнинг хонадонида бўлиб, кўкрак нишонини фарзандлари ва яқинларига топширди.
Топшириш жараёнида Раҳмон аканинг халқ ва жамиятга хизмат қилишдаги фидойилиги, инсоний фазилати эътироф этилиб, унинг ёрқин хотираси ва меҳнати ҳурмат билан ёдга олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири