Қирғизистонлик блогерлар Ўзбекистон туризмини халқаро майдонда тарғиб қилишга жалб этилади
Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро аудиторияга янада кенгроқ танитиш мақсадида Туризм қўмитаси раҳбарияти Қирғизистоннинг оммабоп блогерлари ва рақамли контент яратувчилари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда ижтимоий тармоқларда миллионлаб кузатувчиларга эга бўлган 8 нафар тревел-блогер иштирок этиб, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, бетакрор табиати ҳамда замонавий туризм инфратузилмасини кенг тарғиб қилишга қаратилган қўшма медиа-лойиҳалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида сўнгги йилларда сайёҳлар орасида бир сафар давомида бир нечта мамлакатни қамраб олувчи маршрутларга қизиқиш ортиб бораётгани қайд этилди. Шу муносабат билан Марказий Осиёни ягона ва жозибадор туристик макон сифатида халқаро бозорда биргаликда тарғиб қилиш муҳим экани таъкидланди.
Томонлар ҳамкорлик доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини ёритувчи қизиқарли видеоконтентлар, саёҳат влоглари, қисқа видеороликлар ҳамда фотоҳикоялар тайёрлаш ва уларни ижтимоий тармоқлар орқали кенг оммалаштириш бўйича келишувга эришди.
Шунингдек, блогерларга Ўзбекистонга ташриф буюришда «e-mehmon» тизими орқали рўйхатдан ўтиш тартиби, мамлакатга дрон олиб кириш ва ундан фойдаланиш қоидалари юзасидан ҳам зарур маълумотлар берилди.
Учрашув якунида қирғизистонлик блогерлар учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Фарғона водийси бўйлаб махсус пресс-турлар ташкил этиш режалари кўриб чиқилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг туристик брендини халқаро рақамли майдонда янада мустаҳкамлаш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда Марказий Осиёнинг умумий туристик жозибадорлигини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА