Республикада ягона бўлган туризм овули ташкил этилмоқда
Навоий вилоятида мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, миллий қадриятлар ва анъаналарни кенг тарғиб этиш мақсадида республикада ягона бўлган замонавий туризм овули барпо этилмоқда.
Мазкур лойиҳа маҳаллий ва хорижий сайёҳларга ўзбек халқининг миллий турмуш тарзи, урф-одатлари ва ҳунармандчилик анъаналари билан таништириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Туризм овулида миллий услубдаги меҳмон уйлари, ҳунармандчилик устахоналари, миллий таомлар тайёрланадиган ошхоналар, этнографик кўргазмалар, дам олиш масканлари ҳамда болалар учун кўнгилочар майдонлар ташкил этилади. Шунингдек, сайёҳлар учун туя ва отда сайр, халқ ўйинлари, фольклор дастурлари ҳамда маҳаллий ҳунармандлар иштирокида маҳорат дарслари йўлга қўйилади.

– Мазкур ташаббуснинг амалий натижалари бугуннинг ўзидаёқ Конимех туманидаги “Янгиқазған” туризм овули мисолида яққол намоён бўлмоқда, – дейди вилоят туризм бошқармаси бош мутахассиси Ҳилола Худойбердиева. – Ҳозирда бу ерда 60 га яқин оила туризм орқали барқарор даромад топмоқда. Овулда 20 та меҳмон уйи ва 10 та ҳунарманд уйи фаолият юритмоқда. Сайёҳларга миллий таомлар тайёрлаш, сигир ва туяни соғиш, тандирда нон ёпиш, эчки ҳамда туя жунидан гилам ва бошқа миллий маҳсулотлар тайёрлаш жараёнларида бевосита иштирок этиш имконияти яратилган. Бу эса меҳмонларга миллий ҳаёт тарзини яқиндан ҳис этиш, маҳаллий аҳоли учун эса қўшимча даромад манбаини яратмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йил якунига қадар “Янгиқазған” туризм овулига 25 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳудуднинг халқаро туризм бозоридаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.
Айни пайтда Конимех ва Нурота туманларининг чўл ҳудудларида фаолият юритаётган 9 та ўтовли лагерь бир вақтнинг ўзида 900 нафаргача туристга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, йил давомида қарийб 50 минг нафар хорижий сайёҳни қабул қилмоқда. Туристлар томонидан талабнинг юқорилиги сабабли 2026 йил мавсуми учун ўтовли лагерлардаги жойлар хорижий меҳмонлар томонидан тўлиқ банд қилинган.

Ушбу лойиҳа ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада ошириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қишлоқ туризмини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, бу ташаббус миллий ҳунармандчилик, қадрият ва анъаналарни асраб-авайлаш билан бирга, уларни дунёга кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири