"Президент совғаси" болаларни рағбатлантиради
Янги ўқув йилида Тошкент вилоятидаги 874 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 56 та нодавлат таълим ташкилотида 2019 йилда туғилган 61 минг 706 нафар боланинг 1-синфга қабул қилиниши режалаштирилган.
Шу муносабат билан илк бор мактаб остонасига қадам қўядиган болажонлар учун тайёрланган “Президент совғаси” тўпламлари вилоятга етказиб берилди. Болажонларнинг билим олишига мўлжалланган мазкур тўплам 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат бўлиб, ундан ўқув сумкаси, 12 та дафтар, ручка, 2 та оддий қалам, рангли қаламлар тўплами, рангли қоғоз, пластилин, расм дафтари, 2 та ўчирғич, рангли акварель бўёқлари, елим ва қаламдон ўрин олган.

Президент совғаси сифатида тайёрланган ушбу ўқув қуроллари “Биринчи қўнғироқ” тадбирларидан сўнг болажонларга тантанали равишда топширилади. Шунингдек, совғалар нодавлат мактаблар, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги таълим ташкилотларида таҳсил оладиган биринчи синф ўқувчиларига ҳам берилади.

Таъкидлаш жоизки, 1-синфга қабул қилинаётган ҳар бир болани “Президент совғаси” билан ўз вақтида таъминлаш мақсадида вазирликнинг adm.maktab.uz электрон платформаси орқали мактаблар бўйича ўқувчиларнинг номма-ном рўйхати шакллантирилган. Мазкур тизим совғаларни манзилли ва тизимли равишда етказиб бериш, ҳар бир болани зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш имконини беради.
“Президент совғаси” болажонларнинг мактабдаги илк кунига кўтаринки кайфият бағишлаб, уларни билим олишга рағбатлантиришга хизмат қилади.
А.Мусаев,
ЎзА