Карим Баҳриев ўқиган мактабда унинг номидаги стипендия таъсис этилди
Ургут туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактабида ушбу таълим муассасасида таълим олган таниқли журналист, истеъдодли шоир ва моҳир таржимон Карим Баҳриев хотира кечаси ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, “Шарқ юлдузи” журнали бўлим бошлиғи Муҳаммад Исмоил, “Қанот” лойиҳаси асосчиси Лазиз Раҳматов ва бошқалар Карим Баҳриевнинг ўзбек адабиёти ва миллий журналистика ривожига қўшган улкан ҳиссаси, жамият ҳаётидаги фаол иштироки ҳақида сўз юритдилар.

– Каримжон, бугунги кун нуқтаи назаридан, кам умр кўрган бўлса-да ўзидан жуда катта илмий-адабий мерос қолдирди, журналистикада ўз ўрнига, овозига эга бўлди, – деди Абдусаид Кўчимов. – У ҳаёти давомида турли синовларни бошидан кечирди. Лекин ўзлигини йўқотмади, сўзга хиёнат қилмади. Мамлакат парламентига сайланган энг ёш депутатлардан бири сифатида нафақат ўзи сайланган Ургут тумани аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилди, балки мамлакат тақдирига дахлдор масалаларда ўз фикрини, депутатлик позициясини намоён эта олди. Шунинг учун юқори даражадаги сиёсий доираларда ҳам, адабий давраларда ҳам Каримжоннинг мулоҳазалари, қарашлари ҳисобга олинарди. Унинг уч томли “Дунё шеърияти антологияси” номли китобининг ўзи ўзбек адабиёти таржимашунослигида жуда катта тарихий воқеа бўлганини таъкидлаш лозим.

Хотира кечасида таниқли журналист Лазиз Раҳматов ушбу мактаб ўқувчилари учун Карим Баҳриев номидаги стипендия таъсис этиш ташаббусини илгари сурди ва бир ўқув йили давомида икки марта стипендия ғолиблари аниқланиб, уларга “Қанот” лойиҳаси орқали маълум миқдордаги стипендия тўланишини билдирди. Ташаббус мактаб жамоаси ва Ғўс қишлоғи аҳли томонидан қўллаб-қувватланди.

– Карим ака ўттиз мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Ғўс қишлоғининг, мактабимизнинг фахри эди, – дейди Ургут туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби директори Муҳаммад Тожибоев. – Қишлоғимизга келганида, албатта, мактабда ҳам бўлиб, ўқувчиларни пухта билим олишга даъват қилар, таълим жараёнларини такомиллаштириш юзасидан маслаҳатларини берарди. Айни чоғда мактабимизда Карим Баҳриев китоблари бурчаги ташкил қилиб, унинг асарларини жойлаштирганмиз. Ҳозир қурилаётган 550 ўринли қўшимча ўқув биносидан битта синфхонани унинг номи билан атамоқчимиз.

Тадбир қатнашчилари томонидан мактабга 200 дан ортиқ бадиий китоблар, журналлар топширилди.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири