Прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик белгилашга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик ва уюшган наркожиноятчиликка қарши курашиш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ яширин нарколабораторияларда синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда прекурсорлардан фойдаланиш ҳолатлари ортиб бораётгани мазкур соҳада ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Амалдаги қонунчиликда прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун алоҳида жавобгарлик назарда тутилмагани айрим ҳуқуқбузарликларнинг ҳуқуқий баҳосиз қолишига сабаб бўлмоқда. Қонун лойиҳаси айнан ушбу бўшлиқни бартараф этишга қаратилган.
Мазкур лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга прекурсорларнинг муомаласига оид қоидаларни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи янги норма киритилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилганда Жиноят кодексида жиноий жавобгарлик белгиланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ушбу тоифадаги ишларнинг тегишлилиги ва уларни кўриб чиқиш ваколатларини аниқ белгилашга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши прекурсорларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олиш, синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарилишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса ёшларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда мамлакатда наркотик воситалар ва уларнинг прекурсорларининг қонунга хилоф айланмасига қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Н.Насриев,
ЎзА