Наманганда ғўза парваришидаги агротехник тадбирлар ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган туманида бўлиб, ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг бажарилиш ҳолатини ўрганди.
Дастлаб «Ғайрат» ММТП ҳудудидаги «Зарбдор Ғайрат омад» фермер хўжалигида зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш, суғориш, озиқлантириш ва культивация ишларининг бориши кўздан кечирилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича фермерларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, «Ғайрат замин» фермер хўжалигида ғўза чеканкасини ўз вақтида ўтказиш ва ўсишни бошқарувчи воситалардан самарали фойдаланишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
[gallery-30394]
Ишчи гуруҳ «Туркистон» ММТП ҳудудидаги бир қатор фермер хўжаликларида ҳам ғўза майдонларини кўздан кечирди. «Тепақўрғон маржонгули» фермер хўжалигида жорий этилган томчилатиб суғориш тизими сув ва вақт тежаш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда ғўзанинг барқарор ривожланишини таъминлаётгани қайд этилди.
Ўрганишлар давомида «Зарбдор 30 кунлик» даврида агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли бажариш юқори ҳосилдорликни таъминлашда муҳим омил экани таъкидланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА