Пойтахтдаги маҳаллалар раислари Сенатда малака оширди
Сенатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари тингловчилари учун навбатдаги амалий семинар бўлиб ўтди. Унда пойтахтнинг 12 туманидан ташриф буюрган 22 нафар маҳалла раиси иштирок этди.
Мазкур семинарнинг асосий мақсади – маҳалла раисларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, хусусан, Сенатнинг конституциявий ваколатлари, қонун ижодкорлиги жараёнидаги ўрни ҳамда ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этишдаги иштирокини янада чуқурроқ англашларига кўмаклашишдан иборат бўлди.
Тадбир давомида тингловчиларга Сенатнинг ташкилий тузилмаси, қўмиталар фаолияти, ҳудудлар манфаатларини ифода этишдаги ўрни, парламент назорати механизмлари ҳамда қонунларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинарда маҳалла институтини янада ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тингловчилар томонидан маҳаллаларда учраётган муаммолар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш амалиёти, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ҳамда давлат органлари билан ҳамкорликни янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, маҳалла тизими ва парламент ўртасидаги самарали ҳамкорлик аҳоли манфаатларини таъминлаш, жойлардаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Абдураимова, ЎзА