Хореография мактаб-интернатидаги муаммолар ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб, муассасанинг фаолияти ва мавжуд шарт-шароитлари билан яқиндан танишди.
Мазкур таълим муассасаси юртимиз хореография санъатининг ривожланиши ва тараққий этишида муҳим ўрин тутади. Бу ерда таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлар юртимизнинг Мустақиллик, Наврўз каби муҳим байрам тантаналарида мунтазам қатнашиб, тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Депутатнинг ўрганишлари жараёнида таълим муассасасида бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Жумладан, муассаса биноси умумий ер сатҳидан пастроқда жойлашгани сабабли қор ва ёмғир сувлари шу ҳудудда тўпланиб, бинoнинг ертўла қисмига кириб бораётгани маълум бўлди. Бу эса ертўланинг техник ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шунингдек, бинодаги канализация тизимида ҳам қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, қувурлар эскирган бўлиб, уларни янгилаш зарурати туғилган, ўтказувчанлик қобилияти эса тобора пасайиб бормоқда.
Муассасанинг электр тармоқлари ҳам маънан ва жисмонан эскирган. Натижада юқори кучланиш даврида электр таъминотида узилишлар кузатилиши одатий ҳолга айланган.

Хореография санъатига ихтисослаштирилган мактабнинг ўқув дастурига мувофиқ, ўқувчилар мунтазам равишда концерт дастурлари ва чиқишлар ташкил этишлари лозим. Бироқ муассасада концерт ва репетиция кийимларининг етишмаслиги сабабли бундай тадбирларни ўтказиш имкониятлари чекланиб қолмоқда.

Учрашув давомида депутат муассаса раҳбарияти ҳамда педагоглар билан мулоқот қилди. Улар томонидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, таълим муассасасининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўриш масаласи депутатлик назоратига олинди.
М.Комилова, ЎзА