Билим ва инновациялар маскани
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Янги Ўзбекистон” университети бугунги кунда дунёнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан рақобатлаша оладиган замонавий таълим масканларидан бири ҳисобланади.
Пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилганининг 5 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур университет Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 июндаги тегишли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизда халқаро стандартлар асосида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган янги авлод олий таълим муассасаси ҳисобланади.
[gallery-30071]
Ўтган беш йил давомида университет замонавий таълим муҳитини шакллантириш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда ёшларни глобал рақобатбардош мутахассислар сифатида тайёрлаш йўлида муҳим натижаларга эришди.
Юбилей тадбирида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқаро ҳамкорлар, дипломатик корпус вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар, битирувчилар ҳамда университет ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрий меҳмонлар иштирок этди.
Тантанали тадбирда мамлакатимизда олий таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жаҳоннинг илғор тажриба ва стандартларини таълим жараёнига кенг жорий этиш масалаларига устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди. Айни шундай ислоҳотлар самараси ўлароқ юртимизда “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилди ва бугунги кунда у халқаро таълим майдонида муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
Тадбир давомида университетнинг беш йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги ривожланиш режалари тақдим этилди. Шунингдек, университет тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ходимлар ва ҳамкорлар тақдирланди. Маданий дастурлар ҳамда хориждаги ҳамкор ташкилотлар ва университетлар томонидан йўлланган видеомурожаатлар тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Дарҳақиқат, “Янги Ўзбекистон” университетининг 5 йиллик юбилейи нафақат унинг бугунги ютуқларини эътироф этиш, балки таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги келгуси устувор вазифаларни белгилаб олиш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (суратлар), ЎзА