Пойтахт аҳолиси билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиняпти
Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан янги “Ахборот, ҳисобот, мулоқот” форматида пойтахт аҳолиси билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш анъанаси шаклланди.
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан бўлиб ўтаётган учрашувларда ҳудудларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, қилинаётган ишлар ва келгуси чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда.

Ҳар бир мулоқотда очиқ ҳисобдорлик, аҳоли билан тизимли қайта алоқа ўрнатиш ва амалий ечимларни биргаликда муҳокама қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Учтепа фаоллари билан набатдаги очиқ мулоқотда натижалар, режалар ва муаммолар муҳокама қилинди.
Ташриф якунида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Учтепа тумани маҳалла фаоллари билан очиқ мулоқот учрашуви бўлиб ўтди.

Дастлаб йиғилганларга Тошкент шаҳри ва Учтепа туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тақдим этилди. Саноат корхоналари фаолиятини кенгайтириш, реновация дастурлари, ижтимоий соҳа объектлари, туризм ва хизмат кўрсатиш тармоқларидаги ўсиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, бюджет тушумлари ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашувнинг асосий қисми эса савол-жавобларга бағишланди. Маҳалла фаоллари ўзларини қийнаётган масалалар, таклиф ва ташаббусларини билдириб, уларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди. Билдирилган мурожаатлар ижрога йўналтирилиб, назоратга олинди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган мулоқот пойтахт тараққиёти ҳамда аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган амалий ечимларни муҳокама қилиш майдонига айланди.
Навбатдаги манзил қурилиш объектларидан бири бўлди. Ташриф давомида шаҳар ҳокимининг қурилиш объектларида экологик нормаларни жорий этиш бўйича қарори ижросини таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш ҳамда қурилиш майдонларини ягона тартиб асосида ташкил этишга қаратилган инновацион ва намунавий янги лойиҳа тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, қурилиш объектлари ташқи томондан махсус тўсиқлар билан ўралиши, объект паспорти ўрнатилиб унда барча зарур маълумотлар акс эттирилиши, пиёдалар хавфсизлиги учун ҳимоя соябонлари ташкил этилиши назарда тутилган. Шунингдек, қурилиш майдонлари периметри бўйлаб микроиқлим яратиш тизимлари, сув пуркагич ва дозаторлар ўрнатилади.
Қурилиш жараёнларини доимий назорат қилиш мақсадида видеокузатув камералари ўрнатилиб, улар Қурилиш назорати инспекцияси тизимига интеграция қилинади. Бундан ташқари, экологик датчиклар, тунги кузатув воситалари, артезиан сув қудуқлари, автомобилларни ювиш майдончалари ҳамда автоматик электр ҳисоблагичларини жорий этиш режалаштирилган. Қурилиш техникаларининг шаҳар кўчаларига тоза ҳолда чиқишини таъминлаш ҳам асосий талаблар қаторидан ўрин олган.
Тошкент шаҳар Қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи янги тартиб ва талабларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидланишича, пойтахтдаги 1700 га яқин қурилиш объектларига мазкур талабларни жорий этиш учун муайян муддат берилади.

Тадбир давомида аҳоли ва мутахассисларнинг таклифлари тингланди. Тошкент шаҳар ҳокими лойиҳани такомиллаштириш учун барча конструктив таклифларга очиқ эканини, билдирилган фикрлар асосида зарур ўзгартиришлар киритилиши мумкинлигини таъкидлади.
Шунингдек, Учтепа туманидаги Тошкент шаҳар 3-сон болалар клиник шифохонасида ҳам мулоқот ўтказилиб, соғлиқни сақлаш тизимидаги мавжуд муаммолар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тиббий муассасаларни замонавий ускуналар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, сўнгги беш йил давомида ушбу йўналишдаги қатор муаммолар сезиларли даражада камайган. Шунингдек, тиббиёт муассасалари учун 56 турдаги 81 та замонавий ускуна харид қилингани маълум қилинди.

Йиғилишда хорижий тажриба асосида янги типдаги поликлиникалар қурилиши, болалар сил касалликлари шифохонасини таъмирлаш, шунингдек, айрим тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш бўйича режалар тақдим этилди.
Учтепа туманидаги 1-сон спорт мактабини кенгайтириш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Лойиҳа амалга оширилгач, спорт турлари сони 13 тадан 32 тага етади, спорт билан шуғулланувчи ёшлар қамрови эса 570 нафардан 3800 нафаргача оширилиши кутилмоқда. Мажмуада киберспорт учун ҳам алоҳида майдон ташкил этилиши режалаштирилган.

Учрашув давомида аҳоли мурожаатлари тингланиб, эҳтиёжманд фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилди. Шунингдек, Президент ташаббуси билан Қурбон ҳайити муносабати билан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан операцияга муҳтож беморларга махсус ваучерлар берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА