"Теракзор"ликларнинг орзуси ушалди
Йиллар давомида ёмғирли кунларда лой, ёз фаслида эса чанг туфайли маҳалла аҳлини қийнаб келган ички йўллар муаммоси ўз ечимини топди. Гулистон туманининг "Теракзор" маҳалласида "Ташаббусли бюджет" дастури доирасида 2,3 километрдан ортиқ ички йўлга замонавий асфальт қопламаси ётқизилди.
Мазкур лойиҳа "Ташаббусли бюджет"нинг 2026 йил биринчи мавсумида маҳалла аҳолиси ташаббуси билан илгари сурилди. Фуқароларнинг фаоллиги ва бирдамлиги натижасида у 5 минг 562 та овоз тўплаб, Сирдарё вилоятида энг кўп қўллаб-қувватланган лойиҳалардан бири сифатида ғолиб деб топилди.
Лойиҳа доирасида "Ulugbek Yangier qurilish" МЧЖ томонидан умумий қиймати 1 миллиард 556 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, Файзли кўчасининг 1 минг 450 метр ва Мардлик кўчасининг 854 метр қисмига асфальт қопламаси ётқизилиб, маҳаллада жами 2,3 километрдан ортиқ ички йўл янгиланди.

Эътиборлиси, янги йўллар нафақат транспорт ҳаракати учун қулайлик яратди, балки тез тиббий ёрдам, ёнғин-қутқарув ҳамда бошқа тезкор хизматларнинг маҳаллага етиб бориш имкониятини ҳам яхшилади. Шунингдек, мактабга қатновчи ўқувчилар, кексалар ва барча аҳоли учун хавфсиз ҳамда қулай ҳаракатланиш шароити яратилди.

Қурилиш ишлари белгиланган техник талаблар ва сифат стандартлари асосида бажарилди. Ишлар жараёни билан танишиш мақсадида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев маҳаллада бўлиб, қурилиш сифати ва лойиҳанинг ўз вақтида якунланиши юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берганди.

Энг муҳими, мазкур лойиҳа "Ташаббусли бюджет" дастурининг самарадорлигини яна бир бор намоён этди. Маҳалла аҳолиси томонидан илгари сурилган ташаббус, уларнинг бирдамлиги ва фаол иштироки натижасида йиллар давомида ечимини кутаётган муаммо бартараф этилди. Кечагина орзу бўлиб кўринган равон йўллар бугун "Теракзор" маҳалласи аҳолиси учун ҳақиқатга айланди.

— Бу нафақат янги йўл, балки маҳалла аҳлининг бирдамлиги ва фаоллигининг амалий натижаси. Бугун "Теракзор"да яшовчилар учун кўп йиллик муаммо бартараф этилди. Энди фарзандларимиз мактабга, аҳолимиз эса ўз манзилига равон ва хавфсиз йўл орқали қатнайди, — дейди маҳалла фаоли Собиржон Давронов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири