Парижда полициячилар оммавий норозилик намойишига чиқди
Париж шаҳрида 10 000 га яқин француз полициячиси маошни ошириш ва меҳнат шароитини яхшилаш талаби билан оммавий норозилик намойиши ўтказди. “Le Monde” нашри ёзишича, “Alliance” ҳамда “Unité SGP Police-FO” касаба уюшмалари ташаббуси билан ташкил этилган бу юриш Елисей майдонидан бошланиб, Миллий Ассамблея биноси олдида якунланди.
“Alliance” касаба уюшмаси бош котиби Фабьен Ванхемельрик таъкидлашича, ҳукумат полициячилар меҳнати қадрланишини тилда айтса-да, амалда маошни ошириш бўйича ҳеч қандай амалий иш қилинмаяпти. У хизмат вазифаси кун сайин хавфли тус олиб бораётганига қарамай, хавф-хатар учун тўланадиган устама 2019 йилдан бери ўзгаришсиз қолаётганини алоҳида қайд этди.
Намойишчилар ички ишлар вазири Лоран Нуньес билан бевосита учрашиш, соҳага қўшимча маблағ ва кадр ажратиш, таркибни замонавий ашё-анжом билан таъминлаш ҳамда хавфсизлик чорасини кучайтириш талабини қўймоқда. Норозилик 30 июнь ва 4 сентябрь кунлари бўлиб ўтган учрашувларда расмийларнинг бюджет масаласидаги қарори касаба уюшмалари томонидан салбий баҳолангандан сўнг келиб чиқди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА