“Мета” Ҳиндистон билан ҳамкорлик қилади
“Мета” компанияси Ҳиндистонда болаларга нисбатан онлайн зўравонлик ва бошқа тегишли жиноятларга қарши курашиш мақсадида хавфсизликка оид ҳолатлар бўйича бевосита маҳаллий идораларга ахборот бериб боришини маълум қилди.
Ижтимоий тармоқ гиганти ўз платформаларида ёш болалар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа экани, айбдорларни жавобгарликка тортиш учун Ҳиндистон Кибер жиноятчиликка қарши курашни мувофиқлаштириш маркази томонидан бошқариладиган махсус портал билан яқин ҳамкорлик қилишини билдирди. Ушбу қарор мамлакатда рақамли платформалар масъулиятини ошириш ва зарарли контент тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар фонида қабул қилинди.
Аввалроқ BBC томонидан ўтказилган суриштирувда “Instagram”да болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ва тажовузкор материалларни тарғиб қилувчи пулли рекламалар жойлаштирилгани аниқланган эди.
Мазкур воқеа ортидан Ҳиндистон ҳукумати компаниядан бундай ноқонуний контент ва рекламаларни зудлик билан ўчириб ташлашни талаб қилган. Шунингдек, Инсон ҳуқуқи бўйича миллий комиссия Деҳли полициясига суриштирув ўтказиш бўйича кўрсатма берган ва Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш миллий комиссияси “Meta India” раҳбариятини мазкур масала юзасидан тушунтириш бериш учун чақиртирган.
“WhatsApp”, “Facebook” ва “Instagram” тармоқларига эгалик қилувчи “Мета” ўз навбатида маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан мувофиқлашувни кучайтириш орқали болалар хавфсизлигини таъминлашга содиқлигини таъкидламоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА