Нью-Йоркда дунёдаги энг баланд қамоқхона қурилади
Нью-Йорк маркази – Манхэттен мавзусида қамоқхона ва осмон ўпар бино сўзлари йиғиндиси сифатида “Jailscraper” номини олган, баландлиги 102 метр 13 қаватли ноодатий бино қурилади. Ташқи кўринишидан замонавий идорани эслатувчи бу иншоот одатий турмалардан фарқли ўлароқ, ойнаванд пештоқ ва яшил ҳудудга эга бўлади.
1040 маҳбусга мўлжалланган мажмуа ичида якка тартибдаги ва умумий хоналар, айвон ва ҳатто баскетбол майдони барпо этилади. Дераза орқали осмон кўринса-да, махсус металл тўр шаҳарга қараш имконини чеклайди.
Қиймати қарийб 3,9 миллиард долларлик ушбу лойиҳа шафқатсизлик ва ўлим ҳодисаси кўплиги билан ном чиқарган машҳур Райкерс-Айленд қамоқхонаси бир бўлагини алмаштириши кўзда тутилган. Маҳкама суд биносига яқин жойлашгани боис энди маҳбусларни шаҳар бўйлаб ташишга ҳожат қолмайди.
Мазкур лойиҳа жиддий эътирозга ҳам сабаб бўлмоқда. Меъмор-криминолог Андреа Зелих таъкидлашича, қайта тарбиялаш учун маҳбусга очиқ майдон ва ер билан алоқа жуда муҳим. Шунинг учун қамоқхона беш қаватдан баланд бўлмаслиги керак. Манхэттен аҳолиси эса қурилишдаги шовқин, чанг-тўзон, қўшни биноларга етказилиши мумкин бўлган зарар ва ҳудуд обрўсига салбий таъсирдан хавотир билдирмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА