Ўзбекистоннинг миграция сиёсати: халқаро тажриба ва миллий модель
Глобал иқтисодиётда меҳнат миграцияси эндиликда фақат аҳоли ҳаракати ёки ижтимоий жараён эмас, балки иқтисодий барқарорлик, инсон капитали ва ташқи меҳнат бозоридаги рақобатбардошликни белгилайдиган стратегик омилга айланмоқда. Бугун дунё бўйлаб 280 миллиондан ортиқ инсон мамлакатидан ташқарида яшайди ёки меҳнат қилади. Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) баҳосига кўра, халқаро меҳнат мигрантлари сони 169 миллион нафардан ошган.
Жумладан, Ўзбекистон учун ҳам миграция сиёсати давлат иқтисодий ва ижтимоий сиёсатининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Зеро, мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисми меҳнат ёшида, ички меҳнат бозорига ҳар йили юз минглаб янги куч кириб келмоқда. Айни жиҳат ташқи меҳнат бозори билан тизимли интеграцияни иқтисодий заруратга айлантирмоқда.
Илгари миграция ижтимоий муаммо ёки муваққат иқтисодий ҳодиса сифатида қабул қилинган бўлса, энди давлат ушбу тизимни бошқариладиган молиявий ресурс сифатида кўра бошлади. Хусусан, 2024 йил ташқи меҳнат миграцияси тизими қайта ташкил қилиниб, янги Миграция агентлиги шакллантирилди.
Агентлик зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилди:
- қонуний меҳнат миграциясини ташкил қилиш;
- мигрантларни тайёрлаш;
- лицензияланган хусусий бандлик агентликларини назорат қилиш;
- хориждаги фуқаролар ҳуқуқини ҳимоя қилиш;
- рақамли миграция хизматини жорий этиш.
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил миграция тизимини халқаро стандарт асосида такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди. Шу тариқа ягона дарча тамойили, рақамли хизмат, сунъий интеллект унсурларини жорий этиш ва Европа меҳнат бозорига чиқиш вазифалари белгиланди.
Ҳозир халқаро таҳлилчилар ҳам Ўзбекистоннинг янги ёндашувига эътибор қаратмоқда. Хусусан, “Euronews” таҳлилида мамлакатнинг янги сиёсати “managed migration” – бошқариладиган миграция модели сифатида баҳоланди.
Ушбу таҳлилда бир неча муҳим тенденция алоҳида таъкидланди:
- миграцияни иқтисодий ресурс сифатида қабул қилиш;
- малакали кадрларни тайёрлаш;
- меҳнат бозорини диверсификация қилиш;
- қайтган мигрантларни иқтисодиётга интеграция қилиш.
Авваллари меҳнат миграцияси асосан Россия бозорига боғланган Ўзбекистон ҳозир Германия, Япония, Жанубий Корея, Польша, Финляндия, Қатар, Буюк Британия каби давлатлар билан ҳамкорлик кўламини жадал кенгайтирмоқда.
Масалан, Германия билан ҳамкорлик доирасида немис меҳнат бозори учун ҳамшира, техник мутахассис ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходими тайёрлаш дастурлари йўлга қўйилган.
Қатар билан ҳам меҳнат миграцияси соҳасида институционал ҳамкорлик кенгайтирилиб, меҳнат мигрантларини тайёрлаш, тил ўқитиш ва ҳуқуқий ҳимоя механизми яратиш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқилган.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳам янги босқичга чиқяпти. Хусусан, Халқаро миграция ташкилоти (IOM) билан хавфсиз миграция, реинтеграция ва мигрантлар ҳуқуқи ҳимояси соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Республикамиз БМТ “Global Compact for Migration” ташаббусида ҳам фаол иштирок этмоқда.
Халқаро тажрибага назар ташласак, Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида бир неча моделни ўзлаштираётганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, Жанубий Корея билан EPS – давлат томонидан бошқариладиган “Employment Permit System” қонуний меҳнат миграцияси тизими ишлаяпти. Мазкур модель тил имтиҳони, касбий саралаш, расмий меҳнат шартномаси ва мигрантлар ҳуқуқий ҳимояси механизмига асосланган.
Германия билан ҳамкорлик малакали миграция концепцияси асосида ривожланмоқда. Томонлар дуал таълим, ҳамшира ва техник мутахассис тайёрлаш, тил ўқитиш ва легал меҳнат миграцияси инфратузилмасини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳаларни ишга туширган. Давлатимиз 2025 йил Германия, Корея, Япония, Италия ва Швеция каби давлатлар билан меҳнат миграцияси соҳасида стратегик ҳамкорлик кўламини янада кенгайтирди. Ушбу жараён Ўзбекистон миграция сиёсатининг оддий ишчи кучи экспортидан рақобатбардош инсон капитали тайёрлаш моделига ўтаётганини кўрсатади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА