Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари таҳлил этилди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида 15 май — Халқаро оила куни муносабати билан Журналист аёллар кенгашининг “Оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритишнинг долзарб масалалари” мавзусида йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда кенгаш аъзолари, аёл журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш давомида оммавий ахборот воситаларида оила мавзусини ёритиш масалалари, миллий қадриятлар, оилавий муҳитнинг жамият тараққиётидаги ўрни, аёлларнинг оиладаги масъулияти ҳамда фарзанд тарбиясидаги беқиёс ҳиссаси ҳақида фикр алмашилди.

Сўзга чиққанлар оила жамиятнинг таянчи, маънавият ва тарбия маскани эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бугунги глобаллашув даврида оммавий ахборот воситалари вакилларининг оилавий қадриятларни тарғиб этиш, ёшларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ҳамда жамиятда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашдаги ўрни муҳим экани қайд этилди.
Журналистларнинг бу борадаги масъулияти, медиа материалларда оилага оид мавзуларни ҳаққоний ва таъсирчан ёритиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» телеканали» давлат муассасаси «Кино-видеомаҳсулотлар ва тезкор дубляж» муҳарририятининг катта муҳаррири Нозима Воҳидова Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Ибратли оила” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги тегишли қарорига асосан “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Йиғилиш якунида оилавий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аёл журналистларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ОАВда оила мавзусидаги материаллар сифатини янада ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Н.Усмонова,
ЎзА