Дунёга машҳур фазогир Тошкентда журналистлар билан учрашди (+видео)
Мамлакатимизда космик соҳани ривожлантириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда 2025 йилда қабул қилинган “Космик фаолият тўғрисида”ги қонун ҳамда аэрокосмик маълумотлардан фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган Президент фармони соҳадаги муҳим ҳуқуқий асос бўлаётгани қайд этилди. Ушбу ҳужжатлар космик технологияларни иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, экология ва сув хўжалигига кенг татбиқ этиш имконини бермоқда.
Маълум қилинганидек, “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан давлат космик мониторинг тизими орқали қатор самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, сунъий йўлдош маълумотлари асосида қишлоқ хўжалиги ерларидаги ёнғин ҳолатларини аниқлаш тизими жорий қилинган. Натижада 2024 йилда қайд этилган 2200 та ҳолат 2025 йилда 130 тагача камайиб, такрорий ёқиш ҳолатлари 94 фоизга қисқарган.
Шунингдек, дарахт кесилишини назорат қилиш, яшил ҳудудларни мониторинг қилиш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича ҳам космик технологияларга асосланган рақамли платформалар ишга туширилгани айтилди.
Матбуот анжуманида халқаро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Ўзбекистон 2028 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Халқаро астронавтика конгресси – IAC 2028”га мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритгани мамлакат космик соҳаси учун тарихий ютуқ сифатида баҳоланди.
Анжуманда ёшларни космик соҳага жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, “Cosmic Camp” ёзги оромгоҳи, “CanSat” мини сунъий йўлдошлар мусобақаси, “NASA Space Apps Challenge” хакатони ва “Space Fest” каби лойиҳаларда минглаб ёшлар иштирок этаётгани урғуланди.
Тадбир доирасида америкалик машҳур фазогир Эндрю Фойстел ҳам иштирок этди. У геофизик, Халқаро космик станция собиқ командири бўлиб, ердан 560 километр баландликда ўз қўли билан “Хаббл” телескопини таъмирлаган дунёдаги саноқли мутахассислардан бири ҳисобланади.
9 марта очиқ космосга чиққан, орбитада жами 226 кун бўлган ҳамда 3 та космик миссияни амалга оширган фазогир журналистлар билан эксклюзив суҳбат уюштириб, космосдаги ҳаёт, фазовий тадқиқотлар, инсон имкониятлари ва ёшларни илм-фанга қизиқтириш ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг биринчи илмий сунъий йўлдошини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилишича, мазкур лойиҳа мамлакатнинг космик соҳадаги миллий илмий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ва миллий космик инфратузилмани ривожлантиришга хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/aWYqg3JZdtU?si=bH-UvUep8xMbnXnX" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
С.Обиджонов (монтаж),
Ў.Ҳайитов (сурат),
ЎзА