Ўзбекистонлик мутахассислар Францияда онкологиянинг илғор усулларини ўзлаштирмоқда
Айни кунларда ўзбекистонлик мутахассислар Франциянинг етакчи онкология марказларидан бири “Gustave Roussy”да ўқув-амалий стажировка дастурида иштирок этмоқда.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази матбуот хизмати хабарига кўра, стажировка давомида мутахассислар марказнинг клиник ва лаборатор фаолияти, патоморфология, молекуляр ва генетик диагностика жараёнлари, онкологик беморларни бошқариш тизими ҳамда мультидисциплинар ёндашув билан яқиндан танишмоқда.
Дастур гастроинтестинал, гинекологик ва торакал онкология, саркомалар, гематология, радиацион онкология, молекуляр диагностика ва Precision Medicine каби муҳим йўналишларни қамраб олади. Шунингдек, турли йўналишлардаги МДТ (мультидисциплинар консилиум) йиғилишларида иштирок этиш ва клиник ҳолатларни муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Стажировканинг дастлабки кунида “Gustave Roussy”нинг Тиббий биология ва патология департаменти раҳбари профессор Сесиль Бадуаль бошчилигида лаборатория ва патоморфология хизматининг фаолияти билан танишилди. Лаборатор диагностика жараёнлари, намуналарни автоматлаштирилган тарзда қайта ишлаш тизими, шунингдек, молекуляр ва генетик текширувларнинг ташкил этилиши ўрганилди.
Шунингдек, саркомалар бўйича МДТ йиғилишида иштирок этилиб, қисқа вақт ичида кўплаб клиник ҳолатларни мультидисциплинар жамоа томонидан муҳокама қилиш амалияти кузатилди.

Дастур давомида “Gustave Roussy” бош директори, профессор Фабрис Барлеси, шунингдек, марказнинг турли йўналишларидаги етакчи профессор ва мутахассислари билан учрашувлар ҳам режалаштирилган.
Мутахассисларимизнинг ушбу амалиёти замонавий онкологик ёрдамни ташкил этиш, молекуляр диагностика, Precision Medicine ҳамда мультидисциплинар ёндашув бўйича илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва келгусида ушбу тажрибани Ўзбекистон онкология амалиётига татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА