ЖССТ оғиз бўшлиғи саломатлигини назорат қилишнинг янгиланган модулини тақдим этди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бюллетенида юқумли бўлмаган касалликлар хавф омили мониторинги бўйича босқичма-босқич ёндашув (STEPS) учун қайта кўриб чиқилган оғиз бўшлиғи саломатлиги модули эълон қилинди. Замонавий ва амалий ёндашувга асосланган мазкур янгиланган тизим мамлакатларга оғиз бўшлиғи касалликлари бўйича аҳоли даражасидаги маълумотларни тўплаш, миллий сиёсатни шакллантириш ҳамда соғлиқни сақлаш дастурлари ижроси устидан мониторингни кучайтириш учун зарур илмий далилларни тақдим этади.
Маълумки, ЖССТнинг STEPS тузилмаси оғиз бўшлиғи касалликларини ҳам ўз ичига олган юқумли бўлмаган касалликларнинг (ЮБК) хавф омиллари бўйича маълумотларни тўплаш учун халқаро миқёсда кенг қўлланиладиган стандартлаштирилган ёндашув ҳисобланади. Соҳадаги ишончли ва сиёсий жиҳатдан муҳим маълумотлар етишмаслигини ҳисобга олиб, ташкилот 2024 йилда миллий кузатув тизимларини қўллаб-қувватлаш ва жорий глобал мониторинг устуворликларига мослашиш мақсадида мазкур модуль қайта кўриб чиқилганини маълум қилди.
ЖССТнинг Юқумли бўлмаган касалликлар ва руҳий саломатлик департаменти директори, доктор Сёрен Брострёмнинг таъкидлашича, янгиланган STEPS оғиз бўшлиғи саломатлиги модули давлатларга бундай касалликларни кенгроқ ЮБК кузатувига интеграция қилишнинг амалий йўлини беради. Ушбу ёндашув орқали оғиз бўшлиғи касалликлари ҳамда бошқа юқумли бўлмаган хасталикларнинг умумий хавф омиллари бўйича маълумотлар шакллантирилиб, соғлиқни сақлаш тизимларида янада самарали профилактика стратегияларини белгилаш ва тўғри қарорлар қабул қилиш имконияти яратилади.
Қайта кўриб чиқилган модулнинг энг муҳим янгиликларидан бири уни одатий STEPS сўровномалари доирасида амалга ошириш осонлигидир. Ультрасоддалаштирилган сўровнома ва оддий клиник баҳолаш шундай лойиҳалаштирилганки, маълумотларни тўплаш жараёнини фақатгина махсус тайёргарликдан ўтган, лекин стоматология мутахассиси бўлмаган сўров ўтказувчи ходимлар ҳам амалга ошириши мумкин. Бу эса оғиз бўшлиғи касалликлари мониторингини кенгроқ миқёсда ва кам харажат билан ташкил этишга хизмат қилади.
Янгиланган модулнинг асосий хусусиятлари шундаки, сиёсий ва амалий жиҳатдан муҳим бўлган оғиз бўшлиғи саломатлиги ва тиббий хизматдан фойдаланиш кўрсаткичларига қаратилган янгиланган сўровнома; оғиз бўшлиғи соҳасига алоқадор бўлмаган, аммо махсус тайёргарлик кўрган ходимлар томонидан ҳам ўтказилиши мумкин бўлган қисқача клиник баҳолаш воситаси; ЖССТнинг 2023–2030 йилларга мўлжалланган Оғиз бўшлиғи саломатлиги бўйича глобал ҳаракатлар режаси мониторинг рамкаси ва глобал касалликлар юки талабларига тўлиқ мувофиқдир.
Мазкур янгилик мамлакатимизда ҳам аҳоли саломатлигини асраш, касалликларнинг олдини олиш ва профилактика чораларини халқаро стандартлар асосида кучайтириш борасидаги ислоҳотлар билан ҳамоҳанг бўлиб, тиббиётнинг мазкур йўналиши ривожига муҳим ҳисса қўшади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА