Киши бошқа жойга кўчиб кетса, туғилиб ўсган жойи «аслий ватани» ҳисобланадими?
Киши туғилиб ўсган жойидан бошқа шаҳар ёки қишлоққа бутунлай кўчиб кетса, аввалги манзили унинг «аслий ватани» ҳисобланишда давом этадими? Бу масалада фиқҳ уламолари томонидан фатволар чиқрилиб, муайян мезонлар белгилаб берилган.
Хусусан, Ҳанафий мазҳабига оид манбаларда кишининг аввалги ватанида унинг оиласи ёки кўчмас мулки қолган-қолмагани муҳим аҳамият касб этиши қайд этилган.
Қачон аввалги ватаннинг ҳукми бекор бўлади?
Агар киши бошқа жойга бутунлай кўчиб кетиб, аввалги яшаган манзилида уй-жойи, кўчмас мулки, аёли ёки фарзанди қолмаган бўлса, унинг аввалги «аслий ватани» ўз ҳукмини йўқотади.
«Мухтасарул виқоя» асарида: «Аслий ватанни ўзига ўхшаши бекор қилади», деган фикр келтирилган.
Ушбу қоидани шарҳлар экан, Мулла Али Қори бундай деган: “Бу (яъни аслий ватанни ўзига ўхшаши бекор қилиши) қачонки, унинг аввалги ватанида хотини, фарзанди, зироати (деҳқончилик қиладиган ери) ёки шунга ўхшаш унга боғлиқ нарсалар (уй-жойи, кўчмас мулки, боғ-роғи кабилар) қолмаган бўлса, аввалги ватаннинг ҳукми бекор бўлади. Аммо туғилиб ўсган жойида хотини, фарзанди (ёки кўчмас мулки, уй-жойи) қолган бўлса, унинг аввалги ватани бекор бўлмайди. У икки ватаннинг қайси бирига кирганда, муқим бўлиш ниятини қилмаса ҳам, намозни тўлиқ ўқийди”
(“Фатҳу бобил-иноя” китобидан)
Уй-жой ёки оила қолса-чи?
Агар киши бошқа шаҳарга бутунлай кўчиб кетган бўлса-да, туғилиб ўсган жойида уй-жойи, кўчмас мулки, аёли ёки фарзанди қолган бўлса, аввалги ватанининг ҳукми бекор бўлмайди.
Бундай ҳолатда киши икки жойни ҳам аслий ватани сифатида сақлаб қолиши мумкин. Бу қоида «Фатовои оламгирийя» каби фиқҳий манбаларда ҳам келтирилган.
Ота-она ёки яқин қариндошлар қолган бўлса, ҳукм қандай?
Муҳим жиҳатлардан бири — яқин қариндошларнинг аввалги манзилда яшаши аслий ватан мақомини сақлаб қолмайди. Яъни киши туғилиб ўсган жойидан бутунлай кўчиб кетган ва у ерда унинг уй-жойи, кўчмас мулки, аёли ёки фарзанди қолмаган бўлса, ота-онаси, ака-укаси ёки опа-сингиллари ўша жойда яшашда давом этгани аввалги манзилни унинг аслий ватани қилиб қўймайди.
Уй сотиб олишнинг ўзи аслий ватан ҳосил қиладими?
Яна бир муҳим ҳолат — кишининг бошқа шаҳарда уй ёки ҳовли сотиб олиши.
Агар киши туғилиб ўсган жойидан бутунлай кўчиб кетишни ният қилмаган бўлса, аммо бошқа шаҳарда уй-жой сотиб олса, фақат кўчмас мулкка эгалик қилишнинг ўзи янги аслий ватанни вужудга келтирмайди. Шу сабабли у мазкур шаҳарга 15 кундан кам муддатга борса, мусофир ҳисобланади ва намозларни қаср қилиб ўқийди. Фиқҳий қоидаларга кўра, аслий ватаннинг ҳосил бўлиши учун кишининг ўша жойда туғилиб ўсгани, у ерда умрининг охиригача яшашни қасд қилгани ёки шу жойдан уйлангани каби ҳолатлар эътиборга олинади.
Ота-онанинг фарзанди яшайдиган бошқа шаҳарга бориши
Бу масалада яна бир ҳолатга эътибор қаратилади. Агар фарзанд ота-онасидан узоқ, (90 км.) сафар масофасидаги бошқа шаҳарда яшаса ва ота-она унинг олдига борса, ота-она учун ҳам фарзандининг уйи «аслий ватан» ҳисобланмайди. Шунинг учун улар фарзандининг олдига 15 кундан кам муддатга боришса, мусофир ҳисобланадилар.
Фиқҳий манбаларда «аслий ватан» тушунчаси кишининг оддий равишда туғилиб ўсган жойи ёки у ерда қариндошлари борлиги билан эмас, балки унинг яшаш мақсади, оиласи ва кўчмас мулки билан боғлиқ ҳолатлар асосида белгиланади.
Мухтасар айтганда, киши бошқа жойга бутунлай кўчиб кетиб, аввалги манзилида уй-жойи, кўчмас мулки, аёли ёки фарзандини қолдирмаса — аввалги ватаннинг ҳукми бекор бўлади;
аввалги манзилда уй-жойи, кўчмас мулки, аёли ёки фарзанди қолса — у жой аслий ватан бўлиб қолади. Ота-она, ака-ука ёки опа-сингилларнинг ўша жойда яшаши, ўз-ўзидан, аввалги манзилни аслий ватан мақомида сақлаб қолмайди. Бошқа шаҳарда уй сотиб олишнинг ўзи янги аслий ватанни ҳосил қилмайди. Аслий ватан ҳисобланмайдиган жойга 15 кундан кам муддатга борилса, киши мусофир ҳукмида бўлади.
ЎзА мухбири Ҳамроз Баёнов тайёрлади.